Тошкент шаҳридаги дорихоналарда рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, марказ томонидан “Arzon apteka” Telegram ботида жойлаштирилган дори воситалари ҳақидаги эълонлар асосида Тошкент шаҳридаги қатор дорихоналарда текширувлар ўтказилган. Жараёнда 4 та дорихонада мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 86 турдаги дори воситаси аниқланиб, савдодан олинган. Назорат тадбирлари давомида 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳам савдода тургани аниқланган.
“Бундай дори воситаларидан фойдаланиш кутилмаган ва жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, дори воситасининг яроқлилик муддати, сақлаш шароити, сифати ва қонуний муомаласи назорат қилинмаган бўлса, уни истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун реал хавф туғдиради”, дейилади марказ хабарида.
Шунингдек, яна бир ҳолатда дорихона дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган бўлишига қарамай, фаолиятини давом эттираётгани аниқланган.
Марказ ватандошларни дори воситаларини фақат қонуний фаолият юритаётган дорихоналардан олишга, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонларга алданмасликка чақирган. Қолаверса, дори воситасининг қонунийлиги ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эътибор қаратиш сўралган.










