13:02 / 18.03.2019
31573

Ҳукумат транспорт эгалари фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими бўйича қарор қабул қилди

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини умуман ва унинг бевосита иш амалиёти механизмларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасининг онлайн тартибида фаолият юритувчи транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғурта қилиш бўйича ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Жамғарма:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда суғурта сири тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда идоралараро электрон боғланиш тизими бўйича техник топшириқни ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини;

уч ой муддатда — Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот тизимлари ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базаси билан интеграциялашувини ҳисобга олган ҳолда ягона ахборот тизими жорий этилишини таъминлайди.

Белгиланишича:

ягона ахборот тизимини яратишни молиялаштириш манбаи Жамғарма маблағлари ҳисобланади;

мажбурий суғурта бўйича фаолиятни амалга оширувчи суғурта ташкилотлари мажбурий суғурта бўйича ишончли маълумотлар ягона ахборот тизимига ўз вақтида киритилишини Жамғарма билан тузилган, шу жумладан суғурта ташкилотларининг ушбу мажбуриятни бажармаслик оқибатида келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини назарда тутувчи келишув шартларига асосан таъминлайдилар.

Ушбу қарор кучга кирган кундан бошлаб мажбурий суғурта бўйича суғурта полисларининг янги намунадаги бланкалари муомалага киритилади. Бунда илгари берилган муомаладаги мажбурий суғурта бўйича суғурта полисларининг амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳақиқий ҳисобланади.

Top