Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида истиқомат қилувчи С.Ғ.дан таҳририятимизга хат келди. Ҳикоядан маълум бўлишича, 32 ёшли С.Ғ. 2018 йилнинг декабрида 35 ёшли Б.Қ.га турмушга чиқади.
«Турмушим узоққа чўзилмади: гўзал ва чиройли оила қураман деб турмушга чиққандим, афсуски, алдандим. Турмушимдан уч кун ўтиб, ҳар куни спиртли ичимлик ичиб келиб ура бошлади, лекин ҳаммасига чидадим. Уйдагиларга, яъни ота-онамга гап етказмасликка ҳаракат қилиб келдим.
Бир куни яқин қариндошларим — ота-онам меҳмон бўлиб келишди. Шунда менинг кўзларим кўкарган, эрим анча тан жароҳат етказган эди. Кейин улар мендан кўзларимга нима бўлганини сўрашди. Мен эса ҳеч нима бўлмаганини айтдим ва оиламни дедим: эрим вақт ўтиб ичишдан воз кечиб, яхши бўлади деган умидда эдим. Ота-онам «яхши яшанглар, уришманглар», деб насиҳат қилиб кетишди.
Мен яқин қариндошларим билан телефон орқали гаплаша олмасдим. Сабаби — телефон йўқ, свет йўқ, қишлоқ аҳолисидан анча олисда яшардик, байрамларда табриклаб қўяй, десам иложи йўқ: ҳеч қаерга чиқарилмасдан яшадим. Жонимдан қаттиқ ўтказиб хўрлашлар давом этар эди.
Туғилган кунимга ота-онам, яқинларим келишди. Ҳаммамиз онам пишириб келган нон-кулчаларга тўлиб тошган дастурхон атрофида ўтирдик.
Меҳмонлар кетишгач, кейин яна катта жанжал бошланди: «уйдагиларинг ётиб кетишмади», «кўп овқат ейишмади», «сенинг онанг ёмон, отанг ёмон», деб менга «тилингдан тилхат ёзасан: ўз-ўзимни ўлдирдим, менинг ҳеч кимдан даъвоим йўқ», деб, бир қўлида пичоқ билан бўйнимга ниқтади. Кейин «сени ўлдираман, мана буни ич!» — деб ароқни оғзимдан мажбурлаб қуйди. Сўнг дастурхонда турган нон-кулчаларни оёғи билан тепиб, «онанг ёпган нонга тупурдим», деб идиш-товоқларни синдириб, шиша синиғи билан танамга қаттиқ жароҳат етказди. Баданим қонга беланди.
Уйдан қочиб чиқишни ўйлардим: бу қўли қон инсон билан яшаш қийинлиги аниқ эди. Шу кеча турмуш ўртоғим бир қўлида пичоқ, бир қўлида ароқ билан ухлаб қолди. Бундан фойдаланиб, деразадан қочиб чиқиб, қоронғи тунда тоғма-тоғ ошиб, туман тиббиёт марказига етиб келдим. Шифокорлар ёрдами билан уйдагиларимга хабар берилди, мени кўриб ота-онам қўрқиб кетишди.
Кейин Қўшробот туман ИИБга хабар беришди. Ҳозиргача суриштирув ишлари давом этмоқда. Энди бу инсон билан ярашиш ниятим йўқ».
* * *
Биз мазкур хатни йўллаган жувон билан телефон орқали суҳбатлашдик. Сўнгра оилада юз берган бундай зўравонликка қандай чора кўрилгани билан қизиқдик.








