2019 йилдан бошлаб, Жанубий Корея Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзбекистонлик ҳамкасблари фаолиятига муносиб баҳо берган ҳолда, меҳнат мигрантлари учун квота ўринларини кўпайтирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар беради.

Маълум қилинишича, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун жорий йилда Корея ҳукумати томонидан 3200та иш ўрни ажратилиш назарда тутилган ва бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 100тага ошган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Корея Республикасига юбориш бўйича ваколатли органлар этиб, Ўзбекистон томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Корея Республикаси томонидан Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати белгиланган. 

Ушбу Меморандумга кўра, Корея Республикасига меҳнат мигрантларини жалб қилиш жараёнида учинчи томоннинг иштирок этиши тақиқланган.