19 март куни Ўзбекистон-Корея форумида икки мамлакат вакиллари ўртасида имзоланган меморандумнинг асосий йўналишлари, мавжуд ва режадаги ахборот тизимлари, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳасини амалга ошириш йўлидаги муаммолар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Kun.uz мухбири Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК директори Руслан Султоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мазкур лойиҳани амалга оширишда Корея Республикаси тажрибасига таянади.
"Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган Англашув меморандуми имзоланди", - деди у ва меморандумнинг асосий йўналишларини қайд этди.
Меморандумнинг асосий йўналишлари
1. Корея Республикаси тажрибаси асосида маълумотларни қайта ишлаш давлат марказини ташкил қилиш;
2. Корея билан ҳамкорликда Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик марказини яратиш;
3. Электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида турли соҳалардаги маслаҳатчилар, мутахассисларни жалб қилиш;
4. Электрон ҳукумат бўйича билимлар даражасини ошириш мақсадида кореялик ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашинуви;
5. Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги шартлари асосида хусусий секторнинг ролини кучайтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш.
"Корея Республикаси давлат раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ушбу масалаларни раҳбарият даражасига кўтариш ва бу йўналишларни амалга ошириш учун амалий асосни йўлга қўйиш режалаштирилган", - дейди Руслан Султонов.

Ахборот тизимлари
Руслан Султоновнинг сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистонда қатор ахборот тизимлари фаолият юритаётган бўлиб, улар турли давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
















