Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш марказининг e-auksion савдо майдончасида №0054791-сонли лот билан жойлаштирилган Самарқанд шаҳридаги «Автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси» билан яқиндан танишиш пайтида манзилда суюлтирилган газ билан лицензиясиз ноқонуний савдо фаолияти амалга оширилаётганлигини аниқланди, деб ёзади самарқандлик блогер ва журналист Мирзо Субҳонов.

Фото: e-auksion.uz

Блогер сўзининг исботи сифатида 14 март куни АСГҚ шохобчасидан 5 литр суюлтирилган газ сотиб олганлик тўғрисидаги товар чекини тақдим этган. Берилган савдо чекида тўлов терминали Тайлоқ туман Қўрғонча қишлоғи манзилида жойлашган «Sarvinoz Gaz Servis» МЧЖга тегишли эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Самарқанд шаҳри Чўпон ота маскани 50-А уй манзилида жойлашган «IXDINAR» МЧЖга тегишли бўлган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 11.06.2018й. №4-1401-1802/975 – сонли ҳал қилув қарорига асосан корхонанинг давлат олдидаги қарздорлигини сўндириш мақсадида Самарқанд шаҳар МИБ томонидан хатланиб, сотиш учун «E-IJRO» ягона электрон савдо майдончасига жойлаштирилган.

Ушбу мулкнинг бошланғич баҳоси 2,1 млрд сўм қийматда белгиланган бўлса-да, талабгор йўқлиги туфайли савдодаги бошланғич нархи 1,3 млрд сўмгача камайтирилган.

Скриншот: e-auksion.uz​​​​​

Блогернинг газ қуйиш шохобчасидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги юзасидан Самарқанд шаҳар МИБга мурожаати ортидан ундан фойдаланишдан бас қилиниб, яна қайтадан муҳрланган.

Kun.uz мазкур АСГҚШни 15 март куни бориб ўрганди. Шохобча ёпиқ, барча ускуналар Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижрочиси Д.Сатторов томонидан имзоланиб, муҳрланган. Аммо муҳрланган қоғозларда сана кўрсатилмаган.