Вазир туман ҳокими қарорини бекор қилдиришга эришди
Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби ер майдони ва қўшимча бино ўқув муассасасига қайтарилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
«2018 йилнинг 20 июнида Қува тумани ҳокими мактаб ер майдони ва қўшимча бино иншоотларини ўқув муассасаси раҳбари қаршилигига қарамай туман ҳокимлиги захирасига ўтказиш бўйича қарор қабул қилган эди. Қарор Қува тумани халқ таълими бошқармаси билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган», — дейилади ахборотда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги 122-сонли фармойишининг 1-бандида Республикада фаолият кўрсатаётган давлат таълим муассасаларининг, хусусан мактабгача таълим, ўрта-таълим, касб-ҳунар таълими муассасаларининг мол-мулки, бино ва иншоотлари ҳамда ер майдонларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорисиз ташкилотларга бериш ёки таълим жараёнига тегишли бўлмаган мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман қилинган.
Шунга қарамай, Қува тумани ҳокимияти ер майдони ва қўшимча бино иншоотларини маҳаллий тадбиркорга фойдаланишга топширгани маълум бўлган.
Мактаб маъмурияти Маъмурий судига мазкур қарорни бекор қилиш бўйича мурожаат қилди. Суднинг биринчи инстанцияси ҳокимият фойдасига қарор чиқарган бўлса, кассация инстанцияси ҳокимиятнинг қарорини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилди.
Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби директори Н.Т.Маҳмудов ва Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов суд жараёнида Халқ таълими вазирлигига ёрдам сўраб мурожаат этгани таъкидланмоқда.
«Халқ таълими вазирлиги тегишли чоралар кўриб, Фарғона вилоят прокуратурасига мурожаат қилди. Вазирлик ва прокуратура вакиллари мактабнинг қўшимча бино иншоотлари ҳамда ер майдонларини мактаб ихтиёрида қолдиришда катта ёрдам берилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябридаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг 3-бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлашлари лозим.
Бундан аввал, айнан Қува тумани Қорашоҳ маҳалласидаги 44-умумий таълим мактаби фойдаланувида бўлган спорт майдони ҳудудига шу ерлик тадбиркор маиший хизмат объектлари қуришни бошлагани ва бундан таълим муассасаси ва маҳалла аҳли рози бўлмай Kun.uz сайтига мурожаат қилгани боис ўрганиш натижаларини баён қилинганди.
Мавзуга оид
09:56 / 18.08.2023
“Тоза ичимлик суви мактаб учун орзу эди” — акбарободлик ўқитувчилар
11:45 / 02.10.2022
“Шу ёшга кириб бир марта “давления” ўлчатмадим” – бир кунда 200 кг пахта тераётган қувалик аёл
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022