Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ва газни ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари белгиланган тартибда давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт.

Истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари:

даврий қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг давлат қиёсловидан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёсловдан - электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда ўтказилади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг қиёслашлараро интервал муддати 48 ойни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш приборларининг давлат қиёсловидан ўтказилиши «Ўзстандарт» агентлиги томонидан хар 120 ойда амалга оширилади.

Электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳар бир электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёсловдан ўтказишнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун жавобгар ҳисобланади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори эксперт қиёсловдан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига), асосан ўтказилиши мумкин.

Истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ечиб олиш (демонтаж қилиш), давлат қиёсловидан ўтган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини истеъмолчига етказиб бериш, электр энергиясини ҳисобга олиш приборини жойига ўрнатиш (монтаж қилиш) электр таъминоти корхонасининг штатдаги электротехник ходими томонидан амалга оширилади.