DW нашрининг «Суспильне»га таяниб хабар беришича, Журавлёвнинг адвокати Николай Катеринчук бу ҳақда 30 сентябр куни маълум қилган. Ҳимоячининг айтишича, унинг мижози Германияда иши холис кўриб чиқилишига ишонмаётгани сабабли бошпана сўраган.

Хорватия суди 23 сентябр куни Журавлёвни Германияга топширишни маъқуллаган. Бу ҳақда Večernji list газетаси хабар берган.

Гумонланувчи август ўрталарида Германия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари берган ордер асосида ҳибсга олинган. Германиянинг LTO нашри маълумотига кўра, у газ қувурлари портлатилиши ҳақидаги ҳужжатли фильмни суратга олиш жараёнида қўлга олинган.

Журавлёв 2025 йил сентябр охирида Полшада ҳам ушланган эди. Бироқ ўшанда Варшава округ суди уни Германияга экстрадиция қилишни рад этган.

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим — 2» сувости газ қувурларидаги портлашлар 2022 йил сентябрида Даниянинг эксклюзив иқтисодий зонасида содир бўлган. Швеция экспертлари ҳодиса жойида портловчи модда изларини аниқлаган.

Кейинги тергов давомида Германия мутахассислари портлашларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган олти нафар Украина фуқаросини аниқлаган. Улар орасида дайвинг инструктори бўлиб ишлаган Журавлёв ҳам бор. Гумонланувчиларнинг ҳар бирига нисбатан ҳибсга олиш ордери берилган.