Президент матбуот хизмати хабарига кўра, газ захираларини кўпайтириш учун геология-қидирув ишлари кенгайтирилмоқда. Жорий йилда 3D сейсмик разведка ишлари ҳажмини ўтган йилга нисбатан беш баробар ошириш режалаштирилган.
Йил бошидан ҳудудларда 6 минг метргача ва ундан ортиқ чуқурликда 80 та қудуқ бурғиланган. Истиқболли майдонларни, айниқса, Устюртнинг чуқур қатламларини ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ва мавжуд қудуқлар самарадорлигини оширишга эътибор қаратилмоқда. Хорижий ҳамкорлар билан янги қудуқларни бурғилаш ва геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Тақдимотда газ етказиб бериш тизимининг қувватини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Режалар янги магистрал газ қувурларини қуриш, компрессор станцияларини модернизация қилиш ва айрим станцияларда замонавий электр двигателларини ишга туширишни қамраб олади.
Ушбу лойиҳалар газ таъминоти барқарорлигини ошириш ҳамда йилига 125 миллион куб метр газ тежаш имконини бериши кутилмоқда. Уларни молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
«Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги аварияни бартараф этиш ишлари ҳақида алоҳида ахборот берилди. Бу ишларга Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинган. Ҳозирда махсус техника ва ускуналар ҳудудга сафарбар қилинмоқда, қудуқлар бурғиланадиган жойларда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жараённинг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида эса асосий технологик қурилмалар таъмирлангани натижасида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 30 фоизга, битум 60 фоизга, авиакеросин ишлаб чиқариш беш баробарга ошган.
Йил охиригача завод қувватларидан фойдаланиш даражасини 40 фоиздан 65 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, корхонани хомашё билан барқарор таъминлаш ва қарздорлигини камайтириш чоралари кўрилади.
Тақдимотда «Ўзбекнефтгаз» ва унинг тасарруфидаги йирик корхоналарнинг молиявий натижалари ҳам таҳлил қилинди. Тўққиз ой якунида уларнинг жамланган соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсган, қарздорлиги эса камайган. Юқори фоизли кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш орқали фоиз харажатлари қисқартирилган.
Президент масъулларга геология-қидирув ва бурғилаш ишлари натижадорлигини ошириш, йирик лойиҳаларни пухта ҳисоб-китоб ва аниқ молиялаштириш манбалари асосида амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.








