Марказий Осиёдаги айрим давлатлар раҳбарлари нафақат президент, шунингдек, миллат етакчиси, халқ қаҳрамони, тинчлик асосчиси ва орқатоғ ҳамдир.

Қозоғистон

2000 йилда Қозоғистонда «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти — миллат етакчиси ҳақида»ги қонун қабул қилинган.

Қонунга кўра, қозоқ давлатчилигининг яратилиши бошида турган ва суверен Қозоғистоннинг демократик, дунёвий, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида равнақ топишига ҳисса қўшган Қозоғистоннинг биринчи президенти элбоши саналади.

Бундан ташқари, биринчи президент — элбоши ўз статусига кўра «Халық қаһарманы» (халқ қаҳрамони) унвонига эга ва унга алоҳида билдирув белгиси — олтин юлдуз ва «Отан» ордени топширилган.

Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти — элбошига унинг тарихий миссияси шарофати билан қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

  • Қозоғистон халқига, давлат органларига ва мансабдор шахсларга давлат қурилишининг ўта муҳим масалалари, ички ва ташқи сиёсат ҳамда мамлакат хавфсизлиги бўйича ташаббус билан мурожаат қилиш — бу мурожаат тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;
  • Мамлакат учун муҳим масалалар муҳокамаси чоғида парламент ва унинг палаталари, ҳукумат йиғилишларида чиқиш қилиш; Қозоғистон халқи ассамблеясига бошчилик қилиш; Хавфсизлик Кенгашига бошчилик қилиш; Конституциявий Кенгаш таркибига кириш.

Қизиқ факт: давлатнинг ташқи ва ички сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича ишлаб чиқиладиган ташаббуслар биринчи президент — элбоши билан маслаҳатлашилади.

«Биринчи президент — элбоши томонидан президентлик ваколатлари ижро этилаётган даврда у томонидан фонд, шахсий кутубхона ва биринчи президент — элбошининг шахсий архиви тузилади. Биринчи президент — элбошининг шахсий кутубхонаси ва шахсий архиви миллат бойлиги ҳисобланади ва давлат мулки ҳисобида бўлади», — дейилади қонунда.

Дарвоқе, Назарбоев энди биринчи президент — элбошининг кутубхонасида ишлайди. Биринчи президентнинг кутубхонаси Назарбоевнинг фармони билан президентнинг шахсий кутубхонаси ва шахсий архивининг фаолият кўрсатишини таъминлаш, Қозоғистоннинг оёққа туриши ва ривожланиши тарихини ўрганиш, шунингдек, биринчи президент ғоялари ва ташаббусларини мамлакат ичида ва хорижда илгари суриш мақсадида 2014 йилнинг 13 мартида тузилганди.