Жаҳон | 09:30 / 24.03.2019
11571
2 дақиқада ўқилади

Британиялик вазирлар бош вазирни лавозимидан четлатишга келишиб олишди – Sunday Times

Фото: Henry Nicholls / REUTERS

Буюк Британиянинг бир қатор вазирлари амалдаги бош вазир Тереза Мэйни лавозимидан четлатишга келишиб олишган. Бу ҳақда The Sunday Times нашри ёзди.

Нашрнинг маълум қилишича, 11 нафар катта вазир телефон орқали мулоқотда Мэй “беқарор сиёсий шахсга айлангани” сабабли ўз истеъфосини эълон қилиши кераклиги ҳақидаги фикрга келишган. Акс ҳолда вазирлар ҳукуматнинг 25 мартдаги йиғилишида Мэйга қарши чиқиб, мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши жараёнини амалга оширувчи вақтинчалик етакчини тайинлашмоқчи.

Ҳукумат аъзоларидан бирининг айтишича, вазирлар Мэйнинг 10 кундан кейин истеъфога кетишини кутишмоқда

23 март куни вазирлар муваққат ҳукуматга ким бошчилик қилиши мумкинлигини муҳокама қилишган. Мэйга қарши чиқаётганларнинг кўпчилиги бу ролда Мэй аппарати раҳбари Дэвид Лидингтонни кўришмоқчи. Бироқ номзодлар сифатида ташқи ишлар вазири Жереми Хант ва атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазири Майкл Гоув ҳам билдирилган.

Британия расман Европа Иттифоқи таркибидан 29 март куни чиқиши керак. Бироқ британиялик сиёсатчилар ҳанузгача мамлакат Европа Иттифоқидан қачон ва қандай ажралиши кераклиги ҳақидаги бир фикрга кела олишмаган. Натижада парламент Мэйнинг келишув бўйича таклифини икки марта рад этди, бу эса ҳукуматдаги инқирозга олиб келди.

Мавзуга оид