«Татнефть» Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларда иштирок этишни режалаштирмоқда
Россиянинг «Татнефть» компанияси Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ироқдаги қўшма лойиҳаларда иштирок этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
«Айни вақтда компаниянинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ироқдаги қўшма лойиҳаларда иштирок этиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.
Аввалроқ «Татнефть» Ўзбекистонда АЁҚШлар тармоғини ташкил этишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Компания 2018 йил декабрда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида шўъба корхонасини рўйхатдан ўтказганди.
2018 йил ноябрда «Татнефть» раҳбари Ноил Маганов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султонов билан учрашганди. Ўшанда томонлар георазведка, конларни ўзлаштириш ва нефть қазиш ҳажмини ошириш, машинасозлик, нефть-кимё, нефтни қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққанди.
Бундан аввалроқ «Татнефть» нефть компанияси Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тармоғини очишни режалаштираётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, «Татнефть» — нефть ва газ қазиб чиқариш, нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноати билан шуғулланувчи йирик нефть холдингларидан бири саналади. Компаниянинг Россия ва бошқа мамлакатларда 690 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд.