2023 йил 20 январ куни «Ўзкимёсаноат» АЖ «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ (халқ тилида Ангрен шина заводи) 100 фоиз улушини Россиянинг «Татнефт» компаниясига 826,57 миллиард сўмга сотиш бўйича шартнома тузди.
Аввалига корпоратив ахборотлар порталида битим суммаси 826 миллион сўм деб кўрсатилганди. 26 январда куннинг иккинчи ярмида порталдаги бу маълумот ўчирилиб, битим қиймати 826 млрд сўм деб кўрсатилган бошқа маълумот жойланди.
826 573 075 200 сўм – Марказий банкнинг 20 январдаги курси бўйича 73 млн 245 минг 288 долларни ташкил этади. Қайд этиш лозим, завод 2017 йилда Хитойнинг Эксимбанкидан олинган 156,4 млн доллар қарз ҳисобига қурилган эди.
Компаниянинг устав капитали 658 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, унинг соф активлари қиймати битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,3 трлн сўм бўлган.
2022 йил 2 декабрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми доирасида «Ўзкимёсаноат» ва «Татнефт» ўртасида «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Ўша пайтда битим нархи очиқланмаган эди.
«Биринчи резинотехника заводи» ҳақида
«Биринчи резинотехника заводи» қурилиши 2017 йилда бошланган эди. 2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган.
Завод 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад биринчи босқичда енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди. Бу лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳисобланади.















