«Томорқалардан фойдаланиш самарадорлиги паст». Мазкур жумла бир неча бор фармон ва қарорлар матнларида янгради. Томорқалардан яхши фойдаланилмаётганидан хавотирни ўзида жамлаган бу фармонларда ҳолатни яхшилаш бўйича чоралар бот-бот тилга олинди. Аммо, мазкур чоралар вазиятни ўзгартира оладими?
Куни кеча regulation.gov.uz сайтида «Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди ва унда ҳам ўша жумла — «барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ажратилган ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда», деб ёзилган.
Хусусан, «2018 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида, республика бўйича 69,4 минг томорқа ер эгалари томонидан 4,0 минг гектар, жумладан Самарқанд вилоятида 995 гектар, Сурхондарё вилоятида 649 гектар, Қашқадарё вилоятида 624 гектар, Навоий вилоятида 384 гектар, Андижон вилоятида 294 гектар томорқа ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмагани аниқланган», – дея келтирилади қарор лойиҳасида.
Хўш, нега «барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан» томорқачилик самарадорлиги кўнгилдагидек эмас? Мазкур савол устида мулоҳаза қилишга уриниб кўрамиз.
Бозор иқтисодиётининг минг йиллик қонуниятлари
Бот-бот ўз исботини топган тамойил – шахсий манфаат иқтисодиётнинг ҳар қандай соҳасини ривожлантирувчи куч. Мазкур собит ва ўзгармас қонун азалдан инсониятнинг тирикчилигини таъминлашга хизмат қилиб келган. Шахсий манфаат ривожланиш ҳаракатининг генераторидир. Шахсий манфаат бор жойда бировни ундаш, мажбурлаш, чора кўришга ҳожат йўқ — ундай жойда ишлар ўз-ўзидан ривожга юз тутади. Бу эса жамиятнинг шаксиз ютуғи.
Ҳеч кимга сир эмас, узоқ йиллар давомида томорқачиларимизнинг ҳолини ҳеч ким сўрамай келди. Томорқачи етиштирган маҳсулотнинг тақдири ўша томорқачидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Энг ачинарлиси — етиштирилган маҳсулотни экспорт қилувчи хусусий тадбиркорларнинг йўлига бир йил бўлмаса иккинчи йил сунъий ғовлар қўйилиб келинди — йўллар ёпиб қўйилар эди. Натижада томорқачилар бир йил фойда кўришса, кейинги йил маҳсулотлари сув текин бўлиб қолиб, меҳнат ва харажатларига куйиб қолишарди.
Аммо минглаб, бошқа даромад манбаига эга бўлмаган томорқачилар, барибир томорқаларига экин экиб келишди. Нимасини айтамиз, айнан шу омил — қишлоқ одамларимизнинг тиришқоқлиги аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилиб келди ҳамда давлатни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдек харажатли ишдан халос этди.

















