Ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш даражаси ва аҳоли турмуш тарзининг фаровонлиги кўплаб кўрсаткичлар билан баҳоланади. Улардан бири қаттиқ қопламали, асфальт йўллар мавжудлигидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг йўллар фонди жуда ҳам эскирганини, таъмирталаб бўлиб қолганини кузатмоқдамиз. Kun.uz таҳририятига келаётган мурожаатларнинг кўпчилиги айнан йўллар билан боғлиқ десак муболаға бўлмайди. Янги йўллар барпо қилиняпти, эски йўллар босқичма-босқич таъмирланяпти, аммо умумий ҳолатда бу чора-тадбирлар мавжуд йўллар фондининг ишдан чиқиш тезлигини қувиб ўтолмаяпти.

Йўллар табиий равишда эскириб боради, бу тўғри. Аммо, баъзан одамлар, ташкилотлар унга билар-билмас зарар етказади, йўлларнинг ҳолатига масъул бўлган идоралар, маҳаллий ҳокимият эса бунга лоқайдлик билан қарайди.

Қуйида мавжуд йўлнинг ўзбошимчалик билан бузиб ташланиши, бунга лоқайдлик қилиниши ва у келтириб чиқараётган оқибатлар ҳақида сўз юритамиз.

Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани, Қўриқтом қишлоғидаги Ширшоли маҳалласида 9-сон умумтаълим ўрта мактаби бор. У 1972 йилда қурилган. Бу ерга 600 нафарга яқин ўқувчи 2-3 км масофа атрофидаги уй-жойлардан қатнаб, таълим олишади.

Маҳалла аҳолиси маълумотига кўра, мактабни катта автомобиль йўли билан боғлаб турувчи асфальтланган тротуар - пиёдалар йўлкаси мавжуд бўлган. Ўқувчилар у орқали мактабга узоқ йиллар давомида бемалол, хавфсиз етиб олиш имкониятига эга бўлишган.

Сўнгги йилларда йўлканинг бир қисми емирилиб, кўмилиб кетган. Баъзи одамлар уйи олдидан ўтган йўлкани бузиб юборишган. Унинг энг катта - 250-300 метрлик қисми дала ери атрофидан ўтган.

Бир неча йил олдин, шу даладан фойдаланиб келган фермер «давлатникими, демак ҳеч кимники» қабилида иш кўриб, йўлкани бульдозер билан бузиб, ўзбошимчалик билан ариққа айлантириб юборган. Маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар бунга эътибор қаратишмаган, жуда катта қийматга ва қимматликка эга бўлган давлат мулкини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаган.