Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Фармонга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилиниб, қуйидагилар мазкур тизимнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

ҳар чоракда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш учун киритиш;

аниқланган муаммоларни умумлаштириш ҳамда ҳал этиш мақсадида электрон ахборот алмашиш тизимини жорий этиш;

жойларда ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиш ва уларнинг ижросини таъминлашда тизимли ҳамкорликни ўрнатиш.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг:

фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи ҳамда фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимларини жорий этиш;

маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нафақадаги ходимларининг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида “Кексалар маслаҳати” гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб боради;