Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари бошланади. Дастлаб амалдаги чемпион «Локомотив» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилади. «Локо» 9 апрель куни Чемпионлар Лигаси ўйинида қатнашиши сабаб бу ўйин бошқаларидан олдинроқ ўтказилмоқда.
Турнинг қолган ўйинлари кейинги 3 кун давомида бўлиб ўтади. Эртага, 5 апрель куни «Пахтакор» турнинг марказий баҳсида «Насаф»ни қабул қилади. 6-7 апрель кунларига яна 5та ўйин белгиланган.
Қуйида 3-тур олдидан бизни қандай интригалар кутаётгани ҳақида гаплашамиз.
4 апрель (пайшанба)
«ЛОКОМОТИВ» - «АНДИЖОН»
Ўйин вақти: 18:00.
Стадион: Тошкент, «Локомотив» стадиони.
Тақвим бўйича бу ўйин 5 апрель куни Андижонда ўтказилиши белгиланганди, бироқ Андижондаги майдон мавсумга тайёр бўлмагани сабабли учрашув Тошкентга кўчирилди. 5 апрель куни пойтахтда «Пахтакор» ва «Насаф» иштирокидаги яна бир учрашув ўтказилиши боис, ўйиннинг вақти ҳам ўзгариб, 4 апрелга кўчирилди. Чунки бир шаҳарда бир кунда иккита ўйин ўтказиш мумкин эмас. Шу тариқа, Суперлиганинг жорий мавсумида одатий ҳолга айланиб қолган ўйин вақти ва жойининг ўзгариш «анъанаси» яна такрорланди. Келишувга кўра, иккинчи даврада Тошкентда ўтказилиши керак бўлган ўйин Андижонда ўтказилади.
Бу баҳсда «темирйўлчилар»нинг имкониятлари юқори. 1-турда «Пахтакор»га мағлуб бўлган «Локомотив» 2-турда «Навбаҳор»ни енгди. «Андижон» эса ҳозирча қандай кучга эга эканини кўрсата олгани йўқ. Биринчи турда «Қизилқум» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган андижонликлар иккинчи турда «Қўқон-1912» билан нурсиз дуранг қайд этди - 0:0.
«Локомотив» бу ўйиндан 5 кун ўтиб Саудияда «Ал-Иттиҳод»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида қатнашади. Шу сабабли Фёдоров баъзи етакчиларига дам бериши ҳам мумкин.
5 апрель (жума)
«ПАХТАКОР» - «НАСАФ»
Ўйин вақти: 18:00.
Стадион: Тошкент, «Пахтакор» стадиони.
Турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилади. Чемпионлик учун асосий даъвогар «Пахтакор» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилади. «Пахтакор» Суперлиганинг дастлабки икки ўйинида «Локомотив» ва «Бунёдкор»ни ўз майдонида қабул қилиб, юз фоизлик натижа қайд этди. Жамоа 3-турни ҳам Тошкентда ўтказади ва бу чемпионат аввалидан етакчиликни мустаҳкамлаш учун қўл келиши мумкин. «Пахтакор» иккита дербида ҳам қанчалик кучли эканини кўрдик. Арвеладзе жамоаси охирги йилларда ўзбек футболидаги энг кучли клубдек кўринмоқда. Мамлакатнинг кўплаб энг яхши футболчиларини йиғиб олганидан кейин шундай бўлиши ҳам керак-да, тўғрими?

















