Жаҳон | 14:53 / 05.04.2019
34352
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: армия Ливия пойтахтига кирди

Фото: AFP 2019 / LNA War Information Division

Маршал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия халқ армияси (ЛХА) пойтахт Триполи жануби-ғарбий қисмидаги бир нечта туманларни эгаллаб олди. Бу ҳақда РИА «Новости» ЛХАдаги манбага таянган ҳолда хабар бермоқда.

Унинг айтишича, шаҳар кўчалари ҳозирги вақтда «бўшаб ётибди». Қўшимча қилинишича, шаҳар аҳолиси, катта эҳтимол билан, Триполидан чиқиб кетишга қарор қилган бўлиши мумкин.

«Ҳозирнинг ўзида бир нечта туман ЛХА жангчилари томонидан эгаллаб турилибди, масалан, Жанзур ва Ал-Сваний, бу Триполи жануби-ғарбий қисмида», - деди манба.

Шунингдек, унинг билдиришича, ҳозирги вақтда ҳарбий ҳаракатлар ўтказилмаяпти, қуролли гуруҳлар томонидан «бир нечта кичик ҳужумлар» қайд этилган.

Таъкидланишича, Триполини назорат қилувчи Миллий келишув ҳукумати ўз қўшинларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирган.

Бундан олдин, ливиялик маршал Триполи йўлидаги биринчи шаҳарни эгаллаганди.

Маълумот учун: 2011 йилда Ливияда фуқаролар уруши бошланди. 1969 йилдан буён мамлакатни бошқарган полковник Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилди ва ўлдирилди. Унинг рақиблари томонида Франция, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларни ўз ичига олган халқаро коалиция кучлари курашди. Бугунги кунда Ливия икки ҳокимият ҳолатида: шарқда - Тобрук шаҳрида парламент фаолият кўрсатади, ғарбда - Триполида миллий келишув ҳукумати назорат ўрнатган.

Мавзуга оид