Жаҳон | 13:10 / 05.04.2019
12492
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Тожикистон миграция бўйича янги келишувни имзолайди

Фото: Asia-Plus

Россия ва Тожикистон яқин вақт ичида миграция соҳасида янги келишувни имзолайди, дея маълум қилди РФнинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фролов. Ҳужжатлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 17 апрель куни Москвага расмий ташрифи чоғида имзоланади.

Ташриф чоғида Тожикистон раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама битимларни имзолаш режалаштирилган.

Февраль ойида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Имомали Раҳмоннинг Москвага ташрифи давомида бир қатор ҳужжатлар, шу жумладан, миграция масалалари бўйича ҳамкорликка оид келишув имзоланиши режалаштирилаётгани тўғрисида хабар берганди.

Игорь Лякин-Фроловнинг сўзларига кўра, ҳужжатлардан бири - Россиядаги корхона ва муассасаларда ишлаш учун мигрантларни уюшган ҳолда жалб қилиш бўйича келишув. Россиялик дипломат тафсилотларни очиқламаган. Унинг сўзларига кўра, иккинчи ҳужжат Россия ИИВнинг Тожикистондаги миграция хизмати ваколатхонаси ҳамда Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Россиядаги ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ.

Россияда бир миллионга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожири ишлайди. Турли маълумотларга кўра, уларнинг пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМ учдан бир қисмини ташкил этади.

Бундан олдин, Россияда мигрантларга депортация учун харажатларни қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид