Ўзбекистон | 11:20 / 06.04.2019
24575
2 дақиқада ўқилади

Президент экспорт топшириқлари бажарилмаган ҳудудлар раҳбарларини танқид қилди

Президент йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор давомида экспорт режалари бўйича топшириқларни бажаришда ортда қолган туманларни танқид қилди.

«Мева-сабзовот етиштиришга ихтисослашган 8та туман - Оҳангарон, Янгийўл, Фарғона, Учкўприк, Ғаллаорол, Янгиобод, Нукус ва Чортоқ туманларида экспорт инфратузилмаси тўлиқ шакллантирилмагани оқибатида прогноз 16 миллион долларга кам бажарилди.

Отажонов (президент маслаҳатчиси Нодир Отажонов), инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда ҳудудлар билан биргаликда икки ҳафта давомида чуқур таҳлил ўтказиб, қайси экспорт маҳсулотларни етиштириш бўйича қандай устунлик жиҳатларимиз борлиги, улардан тўғри фойдаланиш, қаерда қандай маҳсулотлар етиштириб, нимани қаерга экспорт қилиш мумкинлиги бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқинг», деган президент.

Президент юқорида саналган 8та тумандаги раҳбарларни ишдан олиш бўйича таклифлар тайёрлашга кўрсатма берган.

Шунингдек, Президент Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга вазиятни ўнглаш бўйича топшириқлар берган.

Маълумот учун, Янгийўл туманини 2017 йилнинг июлидан буён Абдуқаҳҳор Абдусатторович Тўхтабоев, Оҳангарон туманини 2017 йилнинг июлидан буён Ўктам Турсунов бошқариб келмоқда.

Мавзуга оид