Солиқ қўмитаси президент танқид қилган масала бўйича маълумот берди
Давлат солиқ хизмати органлари солиқ ислоҳотларининг янги даврида қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигига ва солиқ ҳисоботларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳисобот шаклларининг 9 та иловаси 5 тага камайтирилган, ҳисобварақ-фактураларнинг электрон кўриниши синов тариқасида Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўлланилмоқда.
Жорий йил I чораги якунларига кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 5 баробарга кўпайиб, 35 мингтага етган. Ушбу солиқ орқали тушган маблағлар 5,2 трлн. сўмни ташкил қилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошган.
Шу билан бирга, жорий йилдан қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган 26 мингта янги солиқ тўловчиларнинг 7,4 мингтаси ҳисоботларини ноль ва 5,5 мингтаси манфий суммада тақдим этган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг I чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда I ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги танқид қилинган эди.
Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини тўлиқ автоматлаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қулай рақобат шароитини яратиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банкининг экспертлар гуруҳи билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Бундан олдин, президент видеоселекторидан кейин Солиқ қўмитасида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтгани хабар берилганди.
Мавзуга оид
08:40 / 09.09.2024
Экспорт қилувчилар учун ҚҚС қоплаш тартиби соддалаштирилди
13:50 / 05.09.2024
ХМТ лойиҳаларига етказилган товарлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҚҚС қайтарилади
07:53 / 04.09.2024
Айрим тадбиркорларга ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади
13:35 / 12.02.2024