2019 йил 5-7 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар бўлиб ўтди. Ушбу ёғингарчиликлар баҳор ойларида бир ойда ёғадиган ёғин миқдори бир-неча соат ичида ёғиб ўтганлиги натижасида Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлардаги сел тошқин йўлларидаги айрим хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган, деб хабар бермоқда ФВВ.

Қайд этилишича, юзага келган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий ФВДқТ хизматлари куч-воситалари жалб қилиниб, ёмғир сувлари кирган хонадонларнинг томорқаларидан сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан вилоятлар ҳокимликларида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Лангар қишлоғидаги 25 та аҳоли хонадонларининг ёрдамчи уйларига ва ҳовлисига сел сувлари чиққанлиги аниқланиб, йиғилиб қолган ҳар хил шох-шаббалардан, лойқалардан тозаланган.

Чироқчи тумани: «Боғишамол» МФЙ, «Паканди» МФЙ, «Қахрамон» МФЙ, «Чилживут» МФЙ ҳудудларидан оқиб ўтувчи «Қашқадарё» дарёси қирғоғи яқини яшовчи аҳолининг ёрдамчи томорқалари ҳамда «Наврўз» МФЙ Наврўз қишлоғининг юқори қисмидан келган сел сувлари қишлоқдаги жами 8 та аҳоли хонадонларининг томорқаларига тошиб кирганлиги сабабли туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда ер томорқаларининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, ноқонуний тарзда экин майдонига айлантиргани аниқланган.

Навоий вилояти Хатирчи тумани: 2019 йил 5 апрел куни соат 02:40 дан 03:25 га қадар ҳудудда кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида, «Қўшчинор», «Қоризараб», «Боғчакалон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи сой йўли орқали Урганжа қишлоғи «Сарой», «Мирдош», «Учқара», «Гулистон» МФЙ жами 132 хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани: «Молтоб» ва «Лалмикор» ҚФЙ ҳудудидан сел оқиб ўтган. «Оқтош» ҚФЙдаги 8 та хонадон ҳамда «Нурлиқуёш» қишлоғидаги 1 та хонадон томорқаси ва ҳовлисига сув кирган.

«Молтоб» ҚФЙ Янгиқишлоқ кўчасида жойлашган жами 6 та хонадонларга қисман ёмғир сувлари кириб, қўшимча бинолари (молхона, айвон, ўтинхона, ҳожатхона)лар қисман зарар кўрган бўлиб, бугунги кунда «Молтоб» ҚФЙ оқсоқоли ва маҳалла фаоллари ташаббуси билан ҳовлилар, томорқа ва кўчаларда ҳашар йўли тозалаш ишлари олиб борилди.

«Кўкгумбаз» ҚФЙ ҳудудидан оқиб ўтган Қорасойдан ёмғир сувлари келиши оқибатида жами 8 та хонадонларнинг қўшимча бинолари (молхона, гараж, айвон, тандирхона)лари ҳамда хонадон томорқаларига қисман сув оқими кирган бўлиб, келгусида Қорасойда ёмғир сувлари тошишини олдини олиш мақсадида, сойнинг ўнг қирғоғида 600 метр, чап қирғоғида 200 метр масофада тозалаш ишлари олиб борилди.