Мен ушбу мақоланинг муаллифи сифатида ҳеч қачон аукционлардан кўчмас мулк ё бошқа нарса харид қилмасликни маслаҳат бераман. Чунки бу харид ортидан ўзингизга битмас-туганмас бошоғриқ орттириб, икки-уч йил ўтиб қадрсизланган пулингизни қайтариб олишингиз эҳтимоли жуда-жуда юқори. Мулк ҳеч қачон сизники бўлмайди. Ҳали қонунчилигимиз хом, судьяларимизнинг ҳам аксарияти тажрибасиз ва ишни адолатли кўра олишмайди. Бу борада Самарқандда ноёб тажриба тўпланаётганига тан бермай илож йўқ. 

Нега бундай фикрда эканлигимни яна бир мисолда тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Kun.uz сайтида «Самарқанднинг мудрамаётган судьялари «инсофли харидор»ни қандай саргардон қилишаётгани ҳақида ҳикоя» сарлавҳаси остида таҳлилий мақола эълон қилинган эди.

Унда онлайн аукцион орқали уй харид қилган фуқаро қандай сарсонгарчиликларга гирифтор бўлгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Мақолани шундай сатрлар билан тугатган эдим:

«Электрон-онлайн аукционида қатнашиб, бирор мулкни қўлга киритишингиз ҳали ушбу мулк тўлиқ сизники дегани эмас. Бирор мулкингиз аукционга қўйилиб сотилиб кетса ҳам у ҳали бутунлай «қўлдан чиқди», дегани эмас. Уни ҳеч бир тўловларсиз, боз устига гаровдан ҳам чиқариб, яна қўлга киритишингиз мумкин. Чунки судьяларимиз мудрашмаяпти!»

Янги ҳикоямиз қаҳрамони — Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор, «Фахриддин» кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси раҳбари Санжар Бозоров ҳам  худди шу ҳолатга тушиб ўтирибди.

Аслида, мана шундай вазиятлар юзага келганда судлар одилона ва холис қарор чиқариб бериши керак. Китобларда ҳам шундай, судьяларимиз бу борада қасамёд ҳам қилишгани ёдимизда. Амалда эса, уларни тутуруқсиз, ҳеч нарсани ўйламасдан чиқарган қарорлари оқибатида ҳеч қанақа айби йўқ, фақат аукцион орқали мулк харид қилган «инсофли харидор» сарсон-у саргардон бўлмоқда.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 229-моддаси (Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш)нинг 2-қисмида «Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди»,