Бишкекда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикаларининг фавқулодда вазиятлар йўналишидаги биринчи қўшма мажлис баённомаси имзоланди, деб хабар бермоқда ФВВ.
Қайд этилишича, республикаларнинг биринчи уч томонлама фавқулодда вазиятлар йўналишидаги экспертларининг қўшма Ҳайъат йиғилиш кун тартибида 6 та масала қўйилди.
Асосий масалалар қаторида – сел оқими, қор кўчкиси ва ер кўчкисини олдини олиш бўйича малака алмашинуви ҳамда трансчегаравий содир бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, чегара ҳудудларида жойлашган потенциал хавфли объектларда фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф қилиш юзасидан ҳамкорликда махсус ишларни бажариш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва бошқа долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.

Йиғилиш жараёнида ишчи гуруҳ мутахассислари баённома лойиҳасини муҳокама қилди. Ҳужжатнинг лойиҳасига экспертлар ўзгартириш ва қўшимчалар киритди.
Ҳар бир савол бўйича делегация аъзолари трансчегаравий ҳудудлардаги муаммоларнинг ечиш йўллари бўйича батафсил тарзда маъруза қилдилар.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон, Тожикистон, ва Қирғизистон экспертларининг йиғилиш якунлари бўйича баённомаси тузилди ва делегациялар раҳбарлари томонидан имзоланди.
Ушбу тадбирда, кейинги уч томонлама бу каби йиғилишни 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича таклиф билдирилди.
















