Хусусий ташиш билан шуғулланувчи енгил автомобиль эгалари легаллаштирилиши, солиқларни тўлаши, йўловчилар хавфсизлиги ва уларга хизмат кўрсатиш сифати ошиши зарур. ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётган президент қарори лойиҳаси ушбу мақсадларга эришишга қаратилган.
Norma таклиф этилаётган чора-тадбирлар комплекси қанчалик самарали бўлиши, нималарни такомиллаштириш кераклиги ҳақида сўз юритган.
Муаммоларни бир томонлама ёндашиб ҳал этиб бўлмайди
Узоқ вақт фақат юридик шахслар қонуний равишда такси хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Ушбу норма бир томонлама бўлгани боис деярли амал қилмади. Ҳуқуқий майдоннинг мавжуд эмаслиги хусусий шахсларни тўхтатиб қола олмади. «Яндекс такси»нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳам нолегал ишловчиларга қўл келди, ОАВ материалларида келтирилган ДСҚ раиси ўринбосари Мубин Мирзаевнинг маълумотларига қараганда, унинг сервисига 10 мингта ҳайдовчи уланган, уларнинг аксарияти йўловчилар ташиш билан шуғулланиш учун қонуний асосларга эга эмас.
Тартибга солишга уриниш алоҳида натижа бермади. Аввалига, Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қарори қабул қилингандан кейин оммавий ахборот воситаларида нолегал таксичиларни ушлаш бўйича навбатдаги рейс ўтказилганлиги ҳақида тез-тез хабар бериб турилди. Вақт ўтиши билан бундай ахборот шов-шувга сабабчи бўлмай қолди ва тез орада деярли йўққа чиқди. Ваколатли органлар фақат жадвал бўйича рейдлар ўтказиш билан чекландилар. Қонунбузарни рейддан ташқари жавобгарликка тортиш таомили мураккаблаштирилгани боис кутилган натижани бермаяпти.
«ЙПХ ходимлари Транспорт вазирлиги ходимлари билан биргаликда нолегал таксичиларни тутмоқдалар, улар мазкур соҳага оид амалдаги қонунчиликни бузганликлари учун 20 ЭКИҲдан 100 ЭКИҲгача – 2 млн сўмдан 20 млн сўмгача тўлашлари керак. Жаримани эса суд орқали ундириш мумкин. Ходимлар баённома расмийлаштириб, судга юборадилар, у мазкур масалани бир неча ой ичида кўриб чиқади. Натижада қонунбузар кам таъминланганлиги ёки бошқа сабабларга кўра 5 ЭКИҲгача жаримага тортилади», –дея Мубин Мирзаевнинг Халқаро пресс-клуб йиғилишида айтган сўзлари келтирилган.
Кўпгина хорижий давлатларда нолегал таксичиларга қарши курашишнинг самаралироқ усулини анчадан буён қўллаб келмоқдалар. У ерда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур бозорда ишлаши учун ҳуқуқий майдон яратилган. Масалан, Россияда ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг аксарият қисмини таксичилар ташкил этади.
















