Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан мулоқотида бюрократияни қисқартиришга оид қатор янгиликларни эълон қилди.

Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50 фоизи “сукут – розилик” тамойилига ўтказилади. Яъни ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Лицензия бўйича ариза рад этилган ҳар бир ҳолатни Бизнес-омбудсман ўрганади. Асоссиз рад қилиш учун жавобгарлик кучайтирилади.

Тез орада 30 дан зиёд фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатнома бекор қилинади, яна 35 тасини бериш муддати 2-3 карра қисқаради. 10 та рухсат хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Озиқ-овқат экспорти учун талаб этиладиган ветеринария, санитария ва фитосанитария рухсатномаларининг ўрнига ягона “Саломатлик сертификати” берилади. Янги лицензия ва рухсатнома жорий этишдан олдин у уч ҳудудда олти ой экспериментдан ўтказилади.

Тадбиркорлар мулкига ижро ҳужжатлари асосида тақиқ қўйиш билан боғлиқ эътирозлар ҳам кўплиги қайд этилди. Мазкур масалалар бўйича алоҳида учрашув ўтказилиб, тизимли ечимлар белгиланади.