Март ойи охирида Ўзбекистоннинг барча чеккаларида #kitobulash ҳештеги остида ўзига хос челленж бошланди. Китоб берувчилар қандай манфаатни кўзламасин, муҳими таълим даргоҳлари кутубхоналари фонди янги китоблар билан бойимоқда. Табиий саволлар туғилади – кутубхонанинг унутилган бурчакларида чанг босган китобларнинг тақдири не кечади? Талабалар ёки ўқувчилар кутубхонадан фойдаланадими? Кутубхонада йўқ китобларни қаердан топса бўлади?

Университет кутубхонасининг саргузаштлари

Сайтимизга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетнинг 1-сонли илмий кутубхонаси кўчирилаётгани ва кўчириш давомида кутубхона фондидаги кўплаб нодир адабиётлар, кўп йиллик тарихга эга китобларнинг йўқолиши ёки ўзлаштириб олиниши мумкинлиги ҳақида мурожаат ҳам келиб тушган. Мурожаат нечоғлиқ ҳақиқатга яқинлиги, университет кутубхонаси кўчирилиши сабабини билиш мақсадида ушбу таълим даргоҳига йўл олдик.

«Ёшлик» талабалар шаҳарчаси янгича қиёфа касб этган. Эндиликда «Вузгородок»ни пойтахтдаги кам сонли «eco-оролчалар»дан бири деб ҳам аташ мумкин.

Ўзбекистон Миллий университетининг 1-сонли илмий кутубхонаси биноси шу нуқтада жойлашган.

Кутубхонани кўчириш ишлари авжида. Ўзини 4-босқич талабалари дея таништирган ёшларнинг сўзларига кўра, университет раҳбарияти уларни дарс вақтида ҳашарга чиқарган. Илмий кутубхона ходималари ҳам оғир китоб тахламларини ташиб, талабаларга ёрдам беришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, айни бинода миллионга яқин китоблар сақланган.

Эски китобларнинг 95 фоиз қисми рус тилида. Собиқ Иттифоқ даврида чоп этилган китоблар орасида бадиий асар дурдоналаридан тортиб маълум ихтисосликлар бўйича энциклопедик адабиётлар ҳам талайгина.