Урганчдаги «лойга ботиб қолган» маҳалла – бир мурожаат изидан
Ижтимоий тармоқда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги маҳалла аҳолисининг йўллар абгор аҳволда экани, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида видеомурожаати эълон қилинган эди.
Kun.uz мухбири бу маҳаллани топиб, мурожаатчилар билан учрашиб, муаммони манзилнинг ўзида ўрганишга муваффақ бўлди.
Видеомурожаат Урганч шаҳри, «Олимпия» маҳалласининг 173-кварталида яшовчи фуқаролар томонидан йўлланган. У ерда жами 214 хўжаликда 500дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
173-квартал 2011 йилда барпо қилинган. Бу ерга Урганч шаҳри марказида реконструкция ишлари бошлангани туфайли, ери давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган аҳоли кўчиб келган ва уй-жой қуриб олган. Бироқ, квартал барпо қилинганидан 8 йил ўтган бўлса-да, аҳоли учун зарур бўлган қулайликлар йўқ.
Қайд қилиш жоизки, бу ерда 6та кўча бўлиб, 2-3 йил олдин дастлабки 3та кўчага асфальт ётқизилган, аммо чеккадаги 3та кўча эътиборсиз қолган.
Бу кўчаларда йўл йўқ деса ҳам бўлади. Агар тупроқ тортилган, ёзда чанг-тўзон бўлиб ётадиган, қишда ботқоққа айланадиган сўқмоқларни йўл деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бор. Маҳалла йўллари айнан шундай.
Ёмғир ёки қор ёғиши билан маҳалла йўллари ўтиб бўлмас даражага келиб қолади, чунки тош ётқизилмаган, асфальт қилинмаган. Ёзда эса одамлар чанг-тўзон остида қолади. Қор-ёмғир ёғганида болалар мактабга боришда жуда қийналади, йўлда лойга йиқилиб, кийимларини булғаб, уйига қайтиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган.
Йўлларнинг ёмонлиги туфайли бу маҳаллага такси бормайди. Маҳалла манзилини эшитган такси ҳайдовчиси рад қилади ёки икки-уч баробар кўп йўлкира сўрайди. Бундай расво йўлларда ким ҳам транспорт воситасини бошқаришни истайди?! Ҳатто тез ёрдам машинаси ҳам бу маҳаллага келмайди. Чунки, ҳайдовчи лойга ботиб қоладиган бўлса, чиқиб кетолмасликдан қўрқади.
Маҳалла кўчаларида тунги ёритиш мосламалари ўрнатилмаган. Тунда атроф қоронғи, зимистон. Бундан ташқари, уй-жойлар марказий канализация тизимига уланмаган. Ваҳоланки, кварталга яқин ҳудуддан марказий канализация тизими ўтган.
Маҳалла аҳолиси бу муаммолар юзасидан шаҳар ҳокимлигига, бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишганини, аммо натижа бўлмаганини айтишмоқда. Улар шаҳар марказида яшаган пайтида барча қулайликларга эга бўлишган. Кўчириб юборилаётганида ҳам худди шундай қулайликлар ваъда қилинган. Аммо уларнинг барчаси оғизда, қоғозда қолиб кетган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида 30-маҳалла фуқаролари йиғини раиси Қаҳрамон Қурбонов билан суҳбатлашдик. У 173-квартал 2019 йилда «Обод маҳалла» дастурига киритилганини, шу йилдан кечиктирмасдан маҳаллани обод қилинишини, йўллар тузатилиши, ёритиш мосламалари ўрнатилиши ва канализация билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинишини айтди.
Умид қиламизки, «Олимпия» маҳалласи аҳолисининг муаммолари оғиз ва қоғозда эмас, балки амалиётда ҳам ўз ечимини топади, кўп йиллардан бери «лойга ботиб қолган» иш ўз жойидан силжийди.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
13:42 / 28.09.2024
Урганчда Ўзбекистон – Полша бизнес-форуми ўтказилди
08:50 / 21.09.2024
«Очиқ бюджет» порталида «Маҳалла бюджети» бўлими ишга тушди
13:30 / 17.09.2024
Урганчда 2,9 млрд сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланди
19:47 / 25.06.2024