2019 йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Алишер Абдуалиев мамлакатга келган Финляндия ишбилармонлар доиралари делегацияси раҳбари, Финляндия Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича давлат котиби ўринбосари Маркку Кейненен билан учрашди.
ТИВ хабарига кўра, суҳбат давомида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида Финляндия Фахрий консуллигини ташкил этиш давлатлараро алоқаларни тизимли тус олишига ва икки давлат бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга замин яратади.
Хусусан, илғор Финляндия технологияларини жалб этган ҳолда АКТ, чиқиндиларни бошқариш, қурилиш моллари саноатига ускуналар жорий этиш ҳамда олтин қазиб олиш соҳаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида 2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон–Финляндия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундини ўтказиш имконияти кўриб чиқилди.
Томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Финляндия ҳукуматлараро комиссияси фаолиятини тиклаш зарурлигини баён қилиб, мазкур комиссия янги лойиҳаларни таклиф қилиш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишларга амалий тус беришини таъкидлаганлар.
Музокараларда Финляндия элчиси Маря Лиивала иштирок этди, дейилади хабарда.
Бундан олдин, Ўзбекистонда Финляндия фахрий консуллиги очилгани хабар қилинганди.

















