Финландия пойтахти Хелсинкида мамлакатдаги энг узун ва энг баланд кўприк очилди. Аммо хусусий автомобиллар ундан фойдалана олмайди, чунки у фақат пиёдалар, велосипедчилар ва жамоат транспорти учун мўлжалланган.

Круунувуоренсилта кўприги Коркеасаари ороли ва Круунувуоренранту турар-жой ҳудудини боғлайди, деб хабар берди Euronews. Унинг узунлиги 1191 метрни ташкил этади.

Янги кўприк туфайли Круунувуоренранту туманидан Хелсинки марказигача бўлган масофа 11 километрдан 5 километргача қисқарди.

«Круунувуоренсилта кўприги Хелсинкининг янги, ноёб ва ҳаяжонли диққатга сазовор жойидир. Яқин ва узоқ жойлардан сайёҳларни ўзига жалб қиладиган томоша жойи. Янги кўприк Хелсинки ҳақидаги тасаввурни ўзгартиради. У Круунувуоренранта ва Лааясало туманларини шаҳарнинг марказий қисми билан янгича тарзда боғлайди», деди Хелсинки мэри Даниэл Сазонов.

Унинг очилишига бағишланган дам олиш кунларида 50 мингдан ортиқ томошабин келди.