Жаҳон | 14:13 / 13.04.2019
5775
2 дақиқада ўқилади

Британияда 70дан ортиқ депутат Ассанжни Швецияга экстрадиция қилишга чақирди

Фото: Ben Stansall/AFP/Getty Images

Британияда 70дан ортиқ депутат Бирлашган Қироллик Ички ишлар вазирлиги раҳбари Сажид Жовидни WikiLeaks ташкилоти асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга эмас, балки Швецияга экстрадиция қилишга чақирди. Бу ҳақда мухолиф Лейбористлар партияси депутати Стелла Кризи Twitter’да хабар берган.

«Бугун кечқурун [12 апрель] 70дан ортиқ парламентарий жинсий зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватламоқда ҳамда ички ишлар вазирини фаол позицияни эгаллаш ва Жулиан Ассанж Швеция ҳукумати билан учрашишини ҳамда агар бу ҳақда талаб келиб тушса, у шу мамлакатга экстрадиция қилинишини кафолатлашга чақирмоқда», - деб ёзган Кризи. У тегишли мурожаат муаллифи бўлган.

Бундан олдин, Австралия Ассанжга «махсус» ёрдам тақдим этишдан бош тортганди.

Австралия бош вазири Скотт Моррисоннинг маълум қилишича, WikiLeaks асосчиси австралиялик Жулиан Ассанж мамлакат ҳукумати томонидан «махсус» ёрдам олмайди. 

Журналист, WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж жосуслик можаролари ҳақидаги ўта махфий материалларни эълон қилиб келган. 2010 йилда Швецияда уни ҳибсга олиш учун ордер берилди. 2012 йилда Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасига яширинди ва ушбу давлат раҳбариятидан сиёсий бошпана сўради. У етти йил давомида элчихонада яшади, 2019 йил 11 апрель куни Эквадор унга бошпана бўйича рад жавоби берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид