Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси сайтига автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги механизмини белгилаб берувчи ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда.

Лойиҳага кўра, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва авторақам бериш хизмати тажриба тариқасида 2019 йил 1 майдан бошлаб, Тошкент шаҳрида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

Бунда, марказлар орқали қуйидаги тоифадаги автотранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилмоқда:

– Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва хориждан келтирилган янги автомототранспорт воситалари;
– нотариал олди-сотди шартномаси асосида мулкдори ўзгарган иккиламчи автотранспорт воситалари.

Автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун фуқаролардан фақатгина паспорт ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжати (автосалонлардан бериладиган ҳисоб-маълумотнома, божхона декларацияси ёки олди-сотди шартномаларидан бири) тақдим этилади холос.

Хизмат кўрсатиш вақти – атиги 1 соат.

Лойиҳа аҳолини қийнаётган асосий икки муаммо – бюрократия ва коррупцияни истисно этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Агентликнинг таклифига кўра: эндиликда автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда автотранспорт воситаларини кўздан кечириш, техник кўрикдан ўтказиш талаб этилмайди.

Кўрикдан ўтказмасдан, яъни, автотранспорт воситасининг двигатели, шасси рақамларини кўриб солиштирмасдан туриб автотранспорт мулкдорини белгилашнинг хавфлилик даражаси баланд эмасми деган савол туғилиши табиий.

Жавоб битта – бунда ҳеч қандай риск йўқ. Қандай қилиб?

Сабаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган автотранспорт воситаси сотиб олинганда, автосалонлар мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжатларини (счёт-справкаларни) шундоқ ҳам автомототранспорт воситаларининг тури, маркаси, модели, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, идентификацияловчи шасси (рама), кузов ва двигателлар рақамларини солиштирган ҳолда беради.

Шундай экан, буни яна қайта техник ёки бошқа кўрикдан ўтказишга эҳтиёж мавжуд эмас.

Худди шундай, хориждан келтирилган янги автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар (декларация ҳужжатлари) ҳам божхона органлари томонидан электрон тизимга киритиб борилади, уларни тизим орқали текшириш имконияти яратилган.