Суперлигада 4-тур ўйинлари якунланди. Бу турда чемпионат етакчиси «Пахтакор» Термизда «Сурхон» меҳмони бўлди ва мавсумдаги илк очкочисини йўқотди. Амалдаги чемпион «Локомотив» эса ўз майдонида ОКМКдан устун келди. Қуйида 4-турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Қизилқум» илк мағлубиятини Бекободда қабул қилди. Зоҳид Абдуллаев «Красницкий клуби»га аъзо бўлди

4-турнинг илк ўйини Бекободда ўтказилди. «Металлург» ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу Ҳамиджон Актамов шогирдларининг мавсумдаги илк мағлубияти бўлди. Бунгача навоийликлар 1 та ғалаба 2 та дуранг натижа қайд этишганди. «Металлург» эса Самарқанддаги аламли мағлубиятдан жаҳли чиққан кўринади «Қизилқум»ни аяб ўтирмади.

Бекободликлар сафида Станислав Андреев ва Баҳром Аблураҳимовлар биттадан, Зоҳид Абдуллаев иккита гол урди. Абдуллаевнинг бу иккита голини бекободликлар анчадан буён кутишаётганди. Чунки Зоҳиднинг Ўзбекистон Чемпионати ва Кубоги баҳсларида урган голлари 98 тага етганди.

«Қизилқум» билан ўйинда Зоҳид Абдуллаев чемпионат ва кубок ўйинларида урган голлари сонини 100 тага етказиб олди ва Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубига аъзо бўлди. Ҳужумчи голларининг 68 тасини чемпионат баҳсларида урган. Зоҳид «Красницкий клуби»га аъзо бўлган 31-футболчига айланди. «Металлург» сафида тўп тепган футболчилар орасида эса бешинчи бўлиб бу клубга қўшилди. Олдинроқ «Металлург» сафида ўйнаган футболчилардан Шуҳрат Мирхолдиршоев, Фарид Ҳабибулин, Мухтор Қурбонов ва Сервер Жепаровлар «Красницкий клуби»га аъзо бўлишганди.

«Насаф» ўз майдонида енгилди

Турнинг кутилмаган натижаларидан бири Қаршида ўтказилди. «Насаф» ўз майдонида «Навбаҳор»ни қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Қаршиликлар бу ўйинда фаворит деб қаралаётганди, чунки «Насаф» ўтган турда «Пахтакор» билан тенгма-тенг ўйнаб, яхши жамоага айланганини исботлаганди.

«Навбаҳор» эса аксинча, бирорта ўйинда ғалаба қозона олмай мухлисларини хавотирга солаётганди. Канчельскис жамоаси илк ғалабасини айнан Қаршида қўлга киритиши кутилмаган ҳолат бўлди. Бу эса наманганликлар ҳам ўз формасига кириб бораётганидан нишона.

Фёдоров Қосимовни енгганини Абрамов стадиондан томоша қилди. Зафар Полвонов бу гал биттагина гол урди