09:52 / 17.04.2019
10280

Месси ЕЧЛда 6 йиллик нохуш анъанасига барҳам берди, «МЮ» эса антирекорд қайд этди

Фото: JOSEP LAGO / AFP

«Барселона» ЕЧЛ чорак финалининг «Манчестер Юнайтед»га қарши жавоб ўйинида ҳам ғалаба қозониб (1:0, 3:0), 2015 йилдан буён илк марта мусобақа ярим финалига йўл олди.

«Кўк-анорранглилар» тўрт йил олдин ҳозирда Испания миллий жамоасини бошқараётган Луис Энрике қўл остида финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда «Ювентус»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишганди.

Шунингдек, Барселонадаги кечаги баҳсда дубль қайд этган мезбонлар сардори Лионель Месси 2013 йил апрелидан буён ЕЧЛ чорак финали доирасида гол ура олмай келаётганди. Ваҳоланки у ўтган вақт мобайнида у бу босқичда 12та ўйинда қатнашиб, дарвоза томон 50 марта зарба йўллаган. 10-рақам эгаси охирги марта чорак финалда олти йил олдин «ПСЖ» дарвозасини ишғол қилганди (2:2).

Қолаверса, «МЮ»га қарши баҳс Лео учун клуб футболининг энг нуфузли турниридаги 133-ўйин бўлди ва у «Барса»нинг ЕЧЛдаги гвардиячилари рўйхатида Иньестадан ўзиб кетди. 133та учрашувда 110та гол муаллифи бўлган. Жорий мавсумда эса аргентиналик барча мусобақалар доирасида клубининг 42та ўйинида қатнашиб, 45та гол урди.

Ўз навбатида, «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛни чорак финалдан энг кўп марта тарк этган клуб эканини қайд этиш лозим. «Қизил иблислар» ўз тарихида 7 марта Чемпионлар лигаси чорак финалида курашни тўхтатган.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top