Август ойидаги Марказий банк сўровномаси натижаларига кўра, аҳоли инфляция кутилмалари июлга нисбатан 0,3 фоиз бандга пастлаб, 9,8 фоиз атрофида шаклланди. Бизнес кутилмалари эса 9,6 фоизни ташкил этиб, ойлик нисбатда 0,2 фоиз бандга қисқарди.
Респондентлар инфляцион фонни шакллантираётган асосий омиллар қаторида қуйидагиларни кўрсатган:
коммунал хизматларнинг қимматлашиши (53 фоиз);
ёнилғи ва энергия ресурслари нархлари ошиши (52 фоиз);
транспорт харажатларининг қимматлашиши (32 фоиз).
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма IT соҳаси вакилларида (11,4 фоиз) кузатилган. Энг паст кутилмани қишлоқ хўжалиги ходимлари ва талабалар (8,7 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма ташиш ва таълим (10,9 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (7 фоиз) соҳасига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Фарғона вилояти (11,7 фоиз), Тошкент шаҳри (11,4 фоиз) ва Сурхондарё вилоятида (10,9 фоиз) қайд этилди. Энг паст кўрсаткичлар Жиззах (8,1 фоиз) ва Хоразм (8,4 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ойига 30 млн сўм ва ундан юқори даромадга эга фуқаролар нархлар ўсиши бўйича энг юқори прогнозларни қайд этган — ўртача 15,8 фоиз. Энг паст инфляцион кутилмалар 2 млн сўмгача (7,9 фоиз), шунингдек, 2−4 млн сўм оралиғида (9 фоиз) даромад кўрувчилар томонидан кутиляпти.













