Иқлим ўзгариши ҳақиқатми? Шундай бўлса, унга қандай тайёргарлик кўришимиз керак? Марказий Осиё давлатларининг биргаликда чора кўриши қанчалик муҳим? Тошкентда «Барқарор ривожланиш мақсадларида Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг табиий ресурсларга таъсирини юмшатиш йўллари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
— Иқлим ўзгариши ҳақиқатми?
Дониёр Турғунов, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори: Ҳа. Иқлим ўзгаришининг энг биринчи кўрсаткичи — музликлар. Уларнинг жадал эриб бораётгани иқлим ўзгаришининг яққол далилидир.
Бахтиёр Кадиров, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти лабораторияси мудири: Ҳа, иқлим ўзгаряпти. Лекин бу масала атрофида асоссиз талқинлар ҳам кўп. Ҳарорат ошаётгани — факт. Тунги ўртача ҳарорат кундузгига нисбатан кўпроқ ошган. Кундузги ҳарорат 1,5 даражага ошган бўлса, тунги ҳарорат 2,5 даражага кўтарилган.
Анвар Ҳомидов, Тожикистон Фанлар академияси Музликлар ва криосферани ўрганиш институти директори, Тожикистон: Ҳозир биз иқлим исиши жараёни кечаётган даврдамиз. Бу жараён инсоният томонидан ҳали охиригача ўрганилмаган.
Болот Молдобеков, Марказий Осиё амалий ер тадқиқотлари институти директори, Қирғиз Республикаси: Бу ҳақиқат. Аввало, ер юзаси ҳарорати ўзгаряпти. Иккинчидан, ёғин миқдори ўзгаряпти.
— Қозоғистонда ҳам музликлар эрияптими?
Диана Арипханова, ЮНЕСКОнинг Олмаотадаги ваколатхонаси вакили, Қозоғистон: Ҳа, албатта. Биз ҳам бутун минтақада кузатилаётган муаммоларга дуч келяпмиз.
Бахтиёр Кадиров: Бу ҳолат ҳамма жойда кузатиляпти. Ҳимолайда ҳам, Помирда ҳам, Европада ҳам музликларнинг қуйи чегараси юқорилаб боряпти.
Болот Молдобеков: Бунда энг яхши, ўртача ва энг ёмон сценарийлар ишлаб чиқилади. Биз ана шу сценарийларга мослашишимиз керак.
Анвар Ҳомидов: Биз Ер шарида кечаётган жараёнларни ўрганяпмиз. Аммо Ердан ташқаридаги жараёнларни тўлиқ ўрганиш учун инсоният ҳали етарли техник имкониятларга эга эмас. Шунинг учун биз буни инсоннинг Ердаги фаолияти, нефт ва газ каби табиий ресурслардан фойдаланиши билан боғлаймиз. Ер юзаси устида маълум бир қобиқ ҳосил бўлади ва бу Қуёш нурланишининг қайтишига таъсир қилади. Иқлимнинг исиши ёки совиши, асосан, ер юзасига етиб келадиган Қуёш нурланишига боғлиқ.
Бахтиёр Кадиров: Сунъий йўлдош маълумотлари Антарктидада ҳам музликларнинг умумий майдони камайиб бораётганини кўрсатяпти.
Мавзуга оид
Дониёр Турғунов: Сунъий ёмғир ёғдириш, дўлга қарши курашиш технологиялари бор. Келгуси беш йилда атмосферага таъсир кўрсатиш технологиялари ва шу йўналишдаги тадқиқотлар ўта долзарб бўлиб боради.
Анвар Ҳомидов: Музликлар ва қор қоплами — бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан энг қимматли, «олтин» захирасидир.
— Биз қилишимиз зарур бўлган ишлар нималардан иборат?
Бахтиёр Кадиров: Оддий одам нима қила олади, ҳукумат нима қила олади — бу ҳар бирининг имкониятига боғлиқ.
Дониёр Турғунов: Масалан, бу йил музлик устига махсус мато тўшадик. Бу мато Қуёшдан келадиган тўғридан тўғри нурланишни бирмунча тўсиб қолади. Кейинги экспедициямизда унинг қанчалик натижа берганини текширамиз. Бундан ташқари, сунъий муз устунларини яратиш ҳам бор.
Анвар Ҳомидов: Бутун минтақада суғориш тизимини комплекс равишда яхшилашимиз керак. Бунга насос станциялари, сув тўпланадиган ҳудудлар ва албатта, мавжуд сув омборларининг ҳолатини яхшилаш ҳам киради.
Бахтиёр Кадиров: Тошкентда азалдан тоғ билан воҳа ўртасида шамол эсади. Кечаси тоғдан воҳага, кундузи ҳаво исигач, воҳадан тоғга қараб эсади. Агар бошқа ҳудуддан, масалан, ёғингарчилик олиб келадиган атмосфера жараёни кириб келмаса, бу ҳолат ҳар суткада такрорланади.
Энди сиз шу шамол йўлига 15 қаватли уй қурдингиз. Натижада нима бўлади? Кечаси тоғдан келиб, турар жойлар ҳавосини алмаштирадиган шамол тўсилади. Шунда тўпланган ифлослантирувчи моддалар, жумладан, саноат газлари тарқалиб кетмай, ўша ерда қолади.
Болот Молдобеков: Муаммоларга қарши ҳақиқий чоралар кўришимиз керак. Турли дастурлар, айниқса, Ғарб дастурлари илгари сураётган афсонага ўхшаш ечимлар билан чекланиб бўлмайди. Улар менга маъқул эмас. Дарёларда тошқин бўлса, «яшил ечим» таклиф қилишади: дарахт экайлик, қирғоқни мустаҳкамлайлик, дейишади.
Хўш, илгари одамларимиз буни билмаганми? Улар ҳам дарахт экишни билган. Гап шундаки, бизда тоғ дарёлари бор. Биринчидан, сув оқими дарахтни оқизиб кетади. Иккинчидан, у ерлар шағал, қайроқтош ва қумдан иборат. Бундай жойга дарахт экканингиз билан у ўсмайди.
Дониёр Турғунов: Узоқ муддатли прогнозлар ишлаб чиқиш керак. Масалан, ёздаёқ куз ёки қиш учун прогноз тайёрлаш лозим. Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини илгари кузатиб, баҳолаб келган бўлсак, энди уни прогнозлашга ўтишимиз керак.
Анвар Ҳомидов: Сув ресурсларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш барчамизга боғлиқ.
Бахтиёр Кадиров: Масалан, корхоналарни жойлаштириш масаласини олайлик. Чорвоқ Тошкентнинг асосий сув манбаи, тўғрими? Ўша ердан сув олинади ва тозалаб етказиб берилади. Шундай экан, унинг атрофида сайёҳлик ҳудудлари қуриш тўғрими? Бу — савол.
Бир томондан, одамлар дам олиши, ҳордиқ чиқариши керак. Лекин бошқа томондан, инсон фаолиятидан ҳосил бўлган чиқиндилар сувга тушади. Майли, сувга турли усулларда ишлов беринг, филтрлардан ўтказинг. Аммо ҳеч қаерда уни юз фоиз тозалаш кафолати йўқ. Юз фоиз тозалаб берадиган технологиянинг ўзи йўқ.
Болот Молдобеков: Менимча, совет давридаги тизим тўғри эди: аввало, у ёки бу лойиҳа техник жиҳатдан асосланарди. Кейин лойиҳачилар изланишлар олиб бориб, лойиҳа ишлаб чиқарди.
Аброр Ғафуров: Тоғларимизда сув захиралари бор. Буни ҳамма билади. Иқлим ўзгараётганини ҳам ҳамма билади. «Иқлим ўзгаряпти, сув камайяпти», дейишади, аммо гап кўпинча шундан нарига ўтмайди. Бизнинг вазифамиз эса бу захиралар қанча эканини ва қачонгача етишини аниқлаш.
Анвар Ҳомидов: Бизда суғориш тизимидаги сув йўқотишлари 20–30 фоизни ташкил қилади. Сувни етказиб бериш жараёнида жуда катта миқдорни йўқотяпмиз. Сувнинг бир қисми ерга сингиб кетади, яна бир қисми эса юқори ҳарорат таъсирида буғланади.
— Ҳозирги вазият ва кузатилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, экин майдонларини олдиндан қисқартиришимиз керакми? Ёки ҳали вақтимиз борми?
Анвар Ҳомидов: Мен сўнгги 20–25 йилдан бери иқлимни ўрганиш билан шуғулланаман. Бундан 10–15 йил аввал ҳам сув омборлари қуриш, қорни ушлаб қолиш учун дарёларнинг юқори оқимида ўрмонзорларни кўпайтириш кераклигини айтганман.
Қуйи оқимда қурилган сув омбори кўпроқ майдонни эгаллайди. У ерда ҳарорат ҳам юқорироқ бўлгани учун буғланиш кўп бўлади. Юқори оқимда эса даралар бор. Шу дараларда сувни ушлаб қолиш ва ўрмонзорларни кўпайтириш орқали иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсирини ҳеч бўлмаса бироз юмшатиш мумкин. Лекин ҳозир бу жараён тобора тезлашяпти.
Бахтиёр Кадиров: Илгари илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари тизими бор эди. Дейлик, илмий иш натижасида янгилик яратдингиз. Уни амалиётга жорий этиш учун ана шу ишлар бажариларди.
Бу янгилик қандай фойда беради? Уни жорий қилгандан кейин қаердан ва қанча фойда кўрилади, қанча зарар бўлиши мумкин? Уни амалга ошириш учун қанча маблағ керак? Сарфланган маблағ неча йилда қопланади? Буларнинг ҳаммасини ҳисоблаб чиқиш зарур. Аниқ иқтисодий ҳисоб-китоб бўлмаса, ҳеч бир масъул таваккал қилиб маблағ ажратмайди. Кўп лойиҳаларда айнан шу жиҳат етишмайди.
Аброр Ғафуров: Куни кеча Нукусда бўлиб, сув масалалари билан боғлиқ аҳволни ўргандим. Ҳисоб-китобларимизга таяниб, келажакда бизни нималар кутиши мумкинлиги ҳақида маълум тасаввурга эгамиз. Ҳозирги ҳолатни келажакдаги эҳтимолий вазият билан таққосласам, жуда ачинарли манзара кўринади. Қорақалпоғистонда чорвачилик ҳам, деҳқончилик ҳам пасайиб бораётган экан. Шоли экишга рухсат берилмаётган экан. Одамлар эса: «биз илгари шоли экардик», дейишяпти.
Лекин бу борада яхлит, интеграциялашган модел ишлаб чиқилмаган. Агар шоли етиштирмасак, уни экиб келганларга ўрнига нимани етиштиришга рухсат берамиз? Улар оиласига келаётган даромаднинг ўрнини нима билан қоплайди? Мен шу масалалар бўйича аниқ кўрсатмалар йўқлигини кўряпман. Одамларда етарли маълумот бўлмагани учун улар: «шоли экардим, энди эка олмай қолдим», деган фикр билан юрибди.
Марказий Осиёда ҳаммамизга етадиган сув бор. Агар сувдан тўғри фойдалансак, ҳатто ортиб ҳам қолади. Неча йил «Орол денгизи қуриди», деб гапирдик, ҳозир эса бу ҳақда гапирмай қўйдик. Орол денгизи қандай ҳосил бўлган? Амударё ва Сирдарёдан ортиб қолган сув ўша ерга бориб тўплангани учун. Уни атайлаб, сунъий йўл билан ҳосил қилишмаган. Ҳозир эса у деярли қуриди.
Менимча, сувдан тўғри фойдалансак, суғоришнинг инновацион усулларини жорий этсак, Қорақалпоғистоннинг ҳозир сув етишмаётган жойларига ҳам сув етказиб бериш мумкин. Кеча Нукусда Сув хўжалиги вазирлиги қилаётган ишлардан бирининг ижобий натижасини кўрдим: сув етказиб берувчи каналлар бетонлаштириляпти. Бу ҳам анча сувни тежайди.
Ер юзасидан суғориш — эски усул. Унда сув сарфи ҳам, йўқотиш ҳам кўп. Томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳақида гапирилади. Лекин янада яхшироқ усуллар ҳам бор. Кеча фермерлар билан муҳокама қилган масалаларимдан бири — ер остидан томчилатиб суғориш. Чунки ер устидан томчилатилганда ҳам сувнинг бир қисми буғланиб кетади.
Умуман, бу ерда яхлит ёндашув керак. Сув камайса, одамларга нима таклиф қиламиз? Шоли экмасак, ўрнига нима экамиз? Пахтадан воз кечсак, нима қиламиз? Агар умуман деҳқончилик қилиш имкони қолмаса, аҳолига қандай муқобил даромад манбаини таклиф этамиз? Бу масалалар иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.
Ўзбекистонда банд аҳолининг тахминан 30 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, фермерлик, деҳқончилик ва томорқада ишлаш орқали даромад топади. Буларнинг барчаси сувга боғлиқ. Сув камайса, бу ишларни қилиш имкони чекланади. Бир муддат ер остидан сув олишимиз мумкин, лекин у захира ҳам чексиз эмас.
Шунинг учун ҳозир вилоятлар кесимида интеграциялашган моделлаштиришни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаяпман. Балки бу ишни Қорақалпоғистон мисолида, ҳукумат билан биргаликда бошлармиз. Барча соҳаларни қамраб оладиган, инсонларга яхши яшаш шароити яратишга қаратилган модел керак. Биз сув соҳаси мутахассислари сифатида, аввало, сув имкониятларидан келиб чиқамиз; туризм ёки бошқа соҳани бошланғич нуқта қилиб ололмаймиз. Чунки бу ҳудудларда асосий даромад манбаи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдир. Келажакда ҳам бу даромадни таъминлаш зарур.
— Умуман, ҳукуматларнинг ҳаракатлари илм-фан тараққиётига ҳамқадамми? Янги илмий ечимлар пайдо бўляпти. Ҳукуматлар уларни амалиётга татбиқ этишга улгуряптими?
Бахтиёр Кадиров: Дейлик, олим бир янгилик яратди. Уни амалиётга жорий этиш жараёнига ҳам ўша олимнинг ўзи бош-қош бўлиши керак. Албатта, бу иш учун маблағ ажратилиши зарур. Керакли ҳисоб-китоблар кўрсатилгандан кейин лойиҳани амалга ошириш лозим.
Аммо баъзан олим янгилик яратади-ю, кейин четга чиқиб кетади. Давомини бошқа одам бажаради. Унинг билими ва малакаси ўша олимникидек бўлмаслиги мумкин. Жараёнларнинг нозик жиҳатлари, сабаблари бор — уларни билиш керак. Ҳеч бир олим технологияни ёзиб бераётганда барча майда тафсилотларни тўлиқ баён қила олмайди. Йўриқномада бир жумлада ифодаланган нарсани амалда текшириш зарур. Кутилмаган ҳолатлар ҳам юз бериши мумкин.
— Халқаро ташкилот вакили сифатида Марказий Осиё ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳаракатлар мувофиқлигини қандай баҳолайсиз?
Диана Арипханова: Жуда яхши савол. Биргаликда ишлаш зарур. Тадқиқотлар, кузатувлар олиб бораётган, илмий кашфиётлар қилаётган мутахассислар ва илмий ходимлар бор. Лекин бу билимларни қарор қабул қилувчиларга етказиш керак.
Илмий тадқиқот натижалари кўпинча ҳали умумлаштирилмаган дастлабки маълумотлар шаклида бўлади. Уларни давлат идоралари ходимлари учун тушунарли тилда баён қилиш зарур. Шунда улар қарор қабул қилишда бу билимларга таяна олади, мамлакатлар ҳам жараёнга фаолроқ қўшилиб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни қандай ҳал этишни яхшироқ тушунади.
— Шу маънода, илм-фан ва ҳукуматлар ўртасидаги мулоқотнинг ҳозирги ҳолатидан қониқасизми?
Диана Арипханова: Албатта, бу борада ҳамиша яхшилаш мумкин бўлган жиҳатлар бор. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, масалан, лойиҳамиз доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ишлаймиз. Уларнинг хабардорлик даражаси, умуман олганда, яхши.
Лекин илмий кузатувлар ҳар куни олиб борилади, янги натижалар олинади. Шунинг учун манфаатдор томонлар, айниқса, қарор қабул қилувчилар билан алоқани янада мустаҳкамлаш зарур.
— Илмий тил мураккаб. Уни жамоатчилик ва ҳукуматларга етказиш учун соддароқ, тушунарлироқ шаклда баён қилиш керак, шекилли?
Диана Арипханова: Ҳа, аслида ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларидан бири ҳам шу. Биз мутахассисларни бирлаштирамиз, илмий маълумотларни жамлаймиз ва қарор қабул қилувчилар учун қисқа таҳлилий тавсияномалар тайёрлаб, уларга тақдим этамиз.
Кейин бу материалларни улар билан бирга яна такомиллаштирамиз. Маҳаллий маъмуриятлар ва жамоалар билан ҳам ишлаймиз, ўқув машғулотлари ўтказамиз. Иқлим ўзгариши нима эканини тушунтирамиз. Ер кўчкиси, зилзила, сел каби хавфли табиий ҳодисалар ва бундай вазиятларда нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот берамиз.
Бу — узлуксиз жараён. Менимча, биз халқаро ташкилот сифатида ана шу ҳамкорлик учун майдон вазифасини бажарамиз.
— Журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини тилга олмадингиз. Нега?
Диана Арипханова: Бу алоҳида ва жуда муҳим йўналиш. ЮНЕСКОда журналистика билан шуғулланадиган алоҳида бўлим бор. Биз улар билан яқин ҳамкорлик қиламиз, журналистларни жалб этамиз ва ахборотни қандай тақдим қилиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказамиз.
Масалан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва журналистларни таклиф қилиб, жамоалар ва кенг аҳолига ахборотни тўғри етказиш усулларини биргаликда ишлаб чиқамиз.
— Бу саволим халқаро ташкилот вакилидан кўра Марказий Осиёда яшаётган оддий инсонга қаратилган. Келажак ҳақидаги шу қадар жиддий прогнозларни ҳисобга олсак, аҳволимизни енгиллаштира оламизми?
Диана Арипханова: Оддий инсон сифатида айтсам, биргаликда ишласак, ҳаммаси мумкин деб ўйлайман. Асосийси, мавжуд муаммога бефарқ бўлмаслик ва у ҳақда бошқаларни ҳам хабардор қилиш. Марказий Осиёда яшовчи оддий инсон сифатида ҳам ўзим билган маълумотларни бошқаларга етказишга ҳаракат қилган бўлардим.