Жаҳон | 00:12 / 17.04.2019
12552
1 дақиқада ўқилади

Порошенко сайловларда ютгудек бўлса барча губернаторларни истеъфога жўнатишини айтди

Фото: РИА Новости

Иккинчи президентлик муддати учун курашаётган Украина президенти Пётр Порошенко президент сайловларининг 21 апрелда ўтадиган 2-босқичида ютса, барча губернаторларни истеъфога жўнатишини эълон қилди. У бу ҳақда “112 Украина” телеканали эфирида айтиб ўтди. 

“Вилоятлар маъмуриятларининг барча раҳбарлари истеъфога кетадилар, уларнинг ўрнига ўз самарадорлигини кўрсатган ва кўтарилишга муносиб бўлган бирлашган ҳудудий жамоалар етакчилари тайинланадилар”, деб айтган Порошенко.

Украина президентининг таъкидлашича, президент сайловларининг 31 мартда ўтган 1-босқичи “аҳолининг ҳукуматдан, жумладан жойлардаги раҳбариятлар фаолиятидан қанчалик норозилигини” кўрсатган. Порошенко янгиланган жамоада “кўплаб янги ёш қиёфалар” бўлишига ваъда берган. 

Сайловларнинг 1-босқичи натижаларига кўра, 39 номзоддан актёр, шоумен Владимир Зеленский 30 фоиздан кўпроқ овоз, Порошенко эса 16 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, 2-босқичга чиққандилар. Сайловларнинг 2-босқичи 21 апрель куни бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид