«Билимлар беллашуви» баҳолаш мезонларида нималар ўзгарди?
Ҳар йили анъанавий тарзда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун фанлар бўйича «Билимлар беллашуви» уч босқичда (мактаб, туман/шаҳар, вилоят) ўтказилади. Ўқувчилар билимини баҳолаш, уларни изланишга янада рағбатлантиришга хизмат қилувчи мазкур беллашув баҳолаш мезонларига бир қатор янгиликлар киритилди. Баҳолаш мезонидаги ўзгаришлар ҳақида Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Фаррух Абдуллев батафсил маълумот берди.
Илгари тўрт, кейин эса уч босқичда
Мутахассиснинг баён этишича, «Билимлар беллашуви»ни ташкил этишнинг икки ҳуқуқий асоси мавжуд. Халқ таълими вазирининг 2017 йил 16 январдаги 13-сонли буйруғига асосан танловнинг Низоми тасдиқланган. Кейинчалик ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фикр ва таклифларига биноан 2017 йил май ойида танлов низомига ўзгартириш киритилган. Яъни беллашувни 4 босқичда (мактаб, туман/шаҳар, вилоят, республика) эмас, балки 3 босқичда ўтказиб, тугатиш, республика босқичини бекор қилиш белгиланди. Бунга ўқувчиларнинг кичик ёшда эканлиги, республика босқичи учун пойтахтга келиш зарурати ноқулайлик туғдиргани сабаб бўлди.
Тест саволлари миқдори камайтирилди
Тест топшириқларини онлайн платформада топшириш йўлга қўйилган. Яъни ўқувчи компьютерда онлайн тарзда ишлаган тест натижаларини ўша заҳотиёқ билиши мумкин. Бу тестларни баҳолаш жараёнида нохолисликларга йўл қўйилмаслигини кўзда тутади. Шунда ҳам иштирокчида эътироз бўлса, хатоликларини кўриб чиқиши учун имконият берилади.
Тест топшириқлари миқдори билан боғлиқ ўзгаришлар мавжуд. Тестлар сони 30тадан 25тага туширилган. Илгари 30та тестга 2 баллдан берилган бўлса, энди 25та тестга 2,4 баллдан ажратилади.
Бу иштирокчилар учун бир қатор қулайликлар яратади. Ўқувчи компьютер қаршисида камроқ ўтиради. Жараённи тезроқ якунлаб, уйига тезроқ қайтиши мумкин бўлади. Шунингдек, тест сонларининг камлиги ҳам иштирокчига енгиллик беради, руҳий босим камроқ бўлади.
Фақат тарих, ҳуқуқ ва иқтисодиёт фанлари бундан мустасно. Чунки бу фанларда иштирокчи фақат тест ишлайди, ёзма иш бўлмайди. Шу боис улар иккинчи босқичда 40та, учинчи босқичда 50та тест ишлайди. Уларга ўзгартириш киритилмаган.
Дарсликдан ташқари манбалардан ҳам саволлар тузилади
Халқаро олимпиадаларнинг ўтказилиш меъёрлари ўрганилган ҳолда яна бир янгилик жорий этилди. Яъни беллашув топшириқларига 20-25 фоизгача дарсликдан ташқари манбалардан ҳам саволлар киритилиши мумкин. Бу орқали иштирокчининг масалага ижодий ёндашувини ошириш кўзланган. Шунингдек, ўқувчиларнинг халқаро олимпиадалар тизимига мослашишига ҳам ёрдам беради.











