Марказий банк бошқаруви 20 апрель куни қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.
Марказий банк матбуот хизматига кўра, ушбу қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлаш ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи трендини қўллаб-қувватлашга қаратилган жорий шароитларини сақлаб қолиш заруриятига асосланди.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2019 йилнинг I чораги якунларига кўра, йиллик инфляция даражаси Марказий банкнинг асосий прогноз коридорининг (13,5-15,5 фоиз) қуйи чегарасида шаклланиб, 13,6 фоизни ташкил этди. Бунда, йиллик инфляция динамикаси 2018 йилнинг I чорагидан фарқли равишда бироз ўсувчи тенденцияни намойиш этди.
Умуман олганда, 2019 йилнинг I чорагида инфляция даражаси айрим озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи қисқариши каби мавсумий омиллар, шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг 2018 йил ноябрдаги оширилиши, кредитлашнинг юқори суръатлари сақланиб қолиши, ҚҚС базаси кенгайтирилиши ҳамда миллий валютанинг нисбатан қадрсизланиши таъсири натижасида шаклланиб, кутилган даражадан пастроқ бўлди.
Ушбу даврда 2019 йил учун базавий прогнозда келтирилган хатарларни рўёбга чиқиш эҳтимоллари пасайиб, айрим хатарларнинг таъсир даражаси камайган бўлса-да, бироқ уларнинг таъсир муддатлари узайди.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини солиққа тортиш механизмининг ўзгариши ҳамда 2018 йил ноябрь ойида энергия ресурслари тарифлари ошиши ички нархларда тўлиқ ўз аксини топмади ва ушбу жараён катта эҳтимол билан маълум бир вақт давом этади.
Ўтган йиллардаги каби инфляцияни оширувчи асосий омил озиқ-овқат нархларининг ўсиши бўлиб, унинг чораклик инфляцияга қўшган ҳиссаси 2,8 фоиз бандни ташкил этди. Шу билан бирга, инфляцияга ноозиқ-овқат товарлари нархларининг таъсири ҳиссаси 1 фоиз бандгача пасайди, хизматлар ҳиссаси эса 0,5 фоиз бандни ташкил этди.
2019 йилнинг I чорагида инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлиши, ички бозорда товар ва хизматлар таклифининг ўсиши, шунингдек, миллий валюта алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги қисқа ва ўрта муддатли инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилди.
Хусусан, аҳоли ва бизнес субъектларининг инфляцион кутилмалари, январь ойидаги ўсишдан кейин камайиб борувчи трендни намойиш этди. Шу билан бирга, ўрта муддатли инфляцион кутилмалар индекси кўрсаткичлари қисқа муддатли инфляцион кутилмаларникига нисбатан юқори бўлди. Бу ўз навбатида, респондентлар орасида ўрта муддатли истиқболда нархларнинг ўсишига оид хавотирлари сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
















