Ўзбекистон | 13:57 / 23.04.2019
6114
2 дақиқада ўқилади

АЭС қурилиши бўйича музокаралар учун хорижлик  мутахассислар  ёлланди

Ўзбекистонда илк атом электр станцияси (АЭС) қурилишига доир шартномани тайёрлаш учун хорижлик экспертлар ёлланди. АЭС қурилиш дирекцияси директори Отабек Аманов Kun.uz мухбирининг саволига шу мазмунда жавоб берди. 

 “Биз хорижлик экспертларни таклиф қиляпмиз, улар бу ерда иш бошлашган. Бу Россия ва Беларусдан ташриф буюрган мутахассислардир”, - деди у. 

Отабек Амановнинг сўзларига кўра, экспертлар Ўзбекистонга 2019 йилда имзоланиши кутилаётган АЭС қурилишига оид шартнома юзасидан ўтадиган музокаралар бўйича тавсиялар беришади. Шунингдек, хорижлик мутахассислар ядровий хавфсизлик, қурилиш-монтаж ишлари ва муҳандислик-тадқиқот ишларини ташкиллаштиришга оид маслаҳатлари билан ҳам бўлишишади. 

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Сочи шаҳридаги “Атомэкспо” форуми доирасида АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон бир ой ичида аниқланиши ҳақида маълум қилганди. 

Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган АЭС икки “ВВЭР-1200” энергоблокидан иборат бўлиб, улар «3+» авлодига мансубдир. Объект 2028 йилгача эксплуатацияга топширилиши режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид