Спорт | 10:30 / 24.04.2019
7500
2 дақиқада ўқилади

Екатерина Воронина Осиё чемпионатида олтин олди, Ўзбекистон умумий рейтингда учинчи ўринда бормоқда

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этишмоқда.

23 апрель куни етти кураш йўналиши бўйича баҳсларда иштирок этган Екатерина Воронина 6198 балл жамғариб, олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ўринни 5993 балл олган ҳиндистонлик С.Барман эгаллади, учинчи ўрин эса 5829 балл жамғарган хитойлик Қ.Вангга насиб этди.

Баландликка сакраш баҳсларида эса маҳоратли атлетларимиз Светлана Радзивил ва Надия Дусанова олтин медаль учун ўзаро рақобат қилишди. Бу сафар омад Надияга кулиб боқди. У 1,90 метрлик баландликни забт этиб, олтин медални қўлга киритди. Светлана эса 1,88 метр натижа билан бронзага сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Радзивил билан бир хил натижа кўрсатган, бироқ уринишлардан унумли фойдаланиш бўйича устунликка эширган қозоғистонлик Надежда Дубровская эгаллади.

Қайд этиш керакки, ушбу учлик 2018 йил ёзида Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам ўзаро беллашган, ўшанда Светлана Радзивил биринчи (1,96 ), Надия Дусанова иккинчи (1,94) ва Надежда Дубровская учинчи ўринни (1,84) қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, яна бир ўзбекистонлик атлет Руслан Қурбонов ушбу мусобақада уч ҳатлаб сакраш бўйича баҳсларида олтин медалга сазовор бўлган эди.

Қитъа биринчилигида Ўзбекистон жамоаси ҳозирча 3та олтин ва 1та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Умумий рейтингда биринчи ўринда Баҳрайн (7-5-2), иккинчи ўринда Хитой (6-9-6) бормоқда. Ўзбекистонни Ҳиндистон (2-5-4), Япония (2-2-5), Қатар (2-0-1) ва Таиланд (2-0-1) таъқиб этмоқда.

Бугун мусобақанинг сўнгги кун беллашувлари ўтказилади.

Мавзуга оид