«Тошқин кент»: пойтахтдаги ёғингарчилик оқибатлари ҳақида маълумот берилди
|21:00 / 26.04.201944 2269 мин
Фото: Халқ сўзиФото: Халқ сўзи
2019 йилнинг апрель ойи Ўзбекистондаги энг ёмғирли ойлардан бири бўлди. Кучли ёғингарчилик Республика пойтахтининг турли нуқталарида дренаж ва ирригация тизимининг носоз эканини кўрсатди.
Тошкент шаҳри фавқулодда вазиятлар бошқармаси ноқулай об-ҳаво ва ёғингарчилик натижасида юзага келган ноқулайликлар тўғрисида шикоятлар ва бошқарма томонидан олиб борилган ишлар тўғрисида Kun.uz мухбирига маълумот берди.
Фото: Facebook
Маълумотга кўра, 2019 йил 24 апрель куни Тошкент шаҳри ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган сув тошқинлари ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 23 апрелдаги 01-Т-18-сонли шошилинч хабарномаси билан масъул раҳбарлар таркиби тасдиқланган. Шунингдек, ушбу хабарнома шаҳар ФВДТ хизматлари ҳамда тегишли корхона, ташкилотларга юборилган ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ФВДТ хизматлари ходимларидан иборат сув тошқинлари билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш штаби ҳам ташкил этилган.
Штабга жами 361та шикоят келиб тушган ва 85та воқеа жойига тегишли куч ва воситалар жўнатилган. Бу ишларга Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари Б. Раҳмонқулов ва Х. Иноғомов масъул бўлишган.
Ушбу штаб ҳозир ҳам ўз фаолиятини давом эттиряпти.
Катта Олим кўчаси, 11-уйнинг кириш қисмида сув тошқини.
Қайд этилган сув тошқинлари ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатлар оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш ишларига «Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси», «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси», Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (48 нафар шахсий таркиб ва 8 техника) ва Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси (136 нафар шахсий таркиб ва 20 техника), Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қутқарув хизмати бошқармаси, «Сувсоз» ДУК, «»Тошиссиққувват» ДУК, Ободонлаштириш бош бошқармаси, «Тошкент шаҳар иссиқлик маркази», «Махсустранс» ИЧБ, Тошкент шаҳар «Электр тармоқлари корхонаси», «Тошшаҳарнур» ДУК ва «Йўл қурилиш ва таъмирлаш» МЧЖлардан жами 485 нафар шахсий таркиб ҳамда 92та махсус техника жалб этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2002 ва 2009 йилнинг апрель ойлари ҳам шундай ёмғирли бўлганди. Энг нам апрель ойи эса Тошкентда 1990 йилда кузатилган. Ўшанда бир ой давомида ёққан ёмғир деярли 3 ойлик меъёрни ташкил қилган. Ярим ойлик ёғинлар миқдори 1 куннинг ўзида ёққан.
Охирги кунларда кузатилган узоқ муддат давом этган ёмғирдан сўнг (10 кун атрофида), айниқса 19 апрелдан 21 апрелгача бўлган даврда, шунингдек 24 апрелда республикамизда жала ёмғирлари ёғиб ўтди. Бугундан бошлаб ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади ва яқин кунларда бундай кучли ёмғирлар кутилмайди.