Ўзбекистон | 18:49 / 30.04.2019
12910
4 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси: «Янги Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси ишлаб чиқилмоқда»

30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва журналистлар ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суд раиси Козимжон Комилов бугунги кунда олиб борилаётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди.

«Соҳада кундан-кунга кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аввалари, Олий судга журналистни қўйинг, адвокатлар ҳам яқин кела олмасди. Адвокатлар ҳозир судга ноутбукларини олиб кириши мумкин. Ҳозирда вазият ўзгарди. Биз ўз сайтимизда онлайн суд процессларини йўлга қўйдик. Агар томонлар рози бўлса, ҳар қандай суд мажлисини интернет орқали кузатиш мумкин. Ҳозирда бу амалиёт республикамизнинг 12та туманида йўлга қўйилган. Бундай жараён ҳозиргача 26та судда ташкил қилинди. Йил охиригача бу рақамни 130тага чиқарамиз. Шунингдек, шаффофликни таъминлаш ва одил судлов тизимини кучайтириш мақсадида сайёр судлар кўпайтирилади. Бу бўйича президентимизнинг кўрсатмалари мавжуд. Унга кўра, кўриладиган ишларнинг 30 фоизи сайёр судлар бўлади.

Ўрганишларимиз натижасида жойларда судларимиз таъминоти ҳавас қилса арзигулик эмаслиги аниқланди. 45-50 фоиз таъминоти қилинган экан. Бу масалага алоҳида этибор қаратамиз. Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти раҳбарининг мақоми ҳам шу сабабли Олий суд муовини билан тенглаштирилган. Шунингдек, маъмурий ва иқтисодий судларимизда хизмат машиналари муаммоси мавжуд эди. Президентимизга раҳмат. Шуни йўлга қўйиб берди.

Маъмурий судлар ташкил этилгани кўплаб соҳаларда ўз самарасини бермоқда. Ўтган йил ҳисобида 22052та оммавий-ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли ишлар кўриб чиқилган. Бундай ишларда давлат органи ва фуқаро, юридик шахслар ўртасидаги ишлар кўриб чиқилади. Шундан 17000тасида фуқаро ютган. Фуқаролик ишлар анча камайди. Чунки, баъзи давлат идоралари тўғри ишлашни ўрганишди.

Биз «Менинг маҳаллам, менинг судьям» лойиҳасини йўлга қўйганмиз. Ҳар бир маҳаллага бириктирилган судьялар бўлади. Лекин муаммоларни кўрсатиб, судьядан кўмак сўрайдиган маҳалла раислари суст ишламоқда. Сайёр судларда кўплаб оилавий низолар бўйича ишларни кўрганимизда озроқ тушунтириш олиб борсак ўша жойнинг ўзида ярашиб кетаётган оилалар кўп бўлмоқда. Бизнинг буюртмамиз асосида тайёрланган «Фарзанд-омонат» номли фильм мавжуд. Сайёр қабулларда шу фильмни қўйиб берганимизда ярашиб кетган оилалар бўлган.

Судларимиз бинолари бўйича айтадиган бўлсак, 4та суд 1та бинога жамланиши бўйича режа қилганмиз. Ҳар бир вилоятда судларимизнинг матбуот вакили лавозими жорий этилади. Шу билан бирга, «Журналистнинг Олий судда бир куни» лойиҳасини йўлга қўймоқчимиз. Бу лойиҳада масалан, судьялардан интервьюлар олиш мумкин.

Ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлардан мисол тариқасида, электрон ижро варақаларини ишлаб чиқяпмиз. Ўрта ҳисобда 1,5 миллиондан 2 миллионгача ижро варақалари қўлда олиб борилади. Бу бирмунча ноқулайликларни келтириб чиқаради. 1 октябргача ишлар якунланиб, 100 фоиз ижро варақалари электрон шаклга ўтади. Энди ижрочилар «бизга етиб келмади» қабилида баҳона қила олмайди.

Шунингдек, янги Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси тузиб чиқяпмиз.

Айни шу вақтда БМТ билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа мавжуд. Бутун дунёдан 285та лойиҳадан 30таси финалга чиққан, шу қаторда бизнинг лойиҳа ҳам. Очиғини айтиш керак, ҳамкорлик учун кўплаб давлатлар вакиллари бизни ўз давлатларига чорламоқда. Яқинда туркларнинг 45 кишилик делегацияси келади», дея Олий суд раиси сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид