3 июль куни Тошкентда Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Олий суд раиси Робахон Маҳмудова раислик қилган йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Робахон Маҳмудова мажлисни очар экан, «Бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судлов изчил рақамлаштирилмоқда, суд жараёнлари очиқ, шаффоф ва назоратли бўлиб бормоқда. Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, одамлар судга охирги умид сифатида келади ва суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Янги Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак. Бундай ишончни қозониш учун суд амалиётини тўғри йўлга қўйиш ҳамда қонуний, адолатли ва асослантирилган қарор қабул қилинишини таъминлаш талаб этилади. Шу сабабли, Олий суд Пленуми томонидан бериладиган тушунтиришлар катта аҳамиятга эга», деди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида», «Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган «Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида»ги Қарори бу тоифадаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунчилик ҳужжатларини бир хил ва тўғри қўллашни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Конституцияда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилган бўлиб, ҳеч ким инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд қарорисиз чеклашга ёки улардан маҳрум этишга ҳақли эмас. Мазкур конституциявий кафолатлар, айниқса, руҳий ҳолати туфайли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ёки унинг муомала лаёқатини чеклаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахл қилувчи масаладир. Шу маънода, қабул қилинган Пленум қарори инсон ҳуқуқларига бевосита дахл қилувчи ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда судлар учун ягона ва аниқ ҳуқуқий ёндашувларни белгилашга қаратилган. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Хусусан, Пленум қарорида субъектлар доираси ва судга мурожаат қилиш тартиби, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш асослари, вояга етмаганларнинг муомала лаёқати масаласи, шахснинг шикоят қилиш ҳуқуқи ва кафолатлари ҳамда прокурор ва васийлик органи иштироки юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.