Жиноят кодексида жазо санкциясини ошириш маъқулланди
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Қонуни маъқулланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Қонун билан кодексларга учта йўналишдаги тузатишлар назарда тутилмоқда.
Булар:
- ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш;
- ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
- сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтиришдир.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида 2016 йилда 4102та, 2017 йилда 5245та ёки 2016 йилга нисбатан 47 фоизга ўсиш ва 2018 йилда 6043та ёки 2017 йилга нисбатан 15 фоизга ортиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилгани қайд этилган.
«Ҳозирда кўриб чиқаётган ўзгартишлар ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган жиноятлар ва Маъмурий жавобгарлик кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликни ошириш йўли билан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган», - дейди сенатор Шуҳрат Чўллиев.
Унга кўра, кодекс ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар билан мустаҳкамланмоқда.
Маълумот учун, ов қилиш ва балиқ овлаш ёхуд ўсимликларнинг дори-дармон ва озиқ-овқат мақсадларида фойдаланиладиган турларини йиғиш ёки тайёрлаш тартибини бузиш ифодаланган жиноятлар учун 2016 йилда 10, 2017 йилда 4 ва 2018 йилда 11 нафар фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган.
«Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлилига асосан, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жиноий жазо чоралари етарли эмас ва бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддасига киритилаётган ўзгартишлар белгиланган жазоларнинг санкциясини оширишни назарда тутмоқда», - дейди сенатор Шуҳрат Чўллиев.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024