1 май куни vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатда муаллифлар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига зарур ўзгартириш киритишни таклиф қилишди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари Kun.uz таҳририятига йўлланган хатда Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича бошланган ташаббусга муносабат билдиришди.
Хабарларда бир гуруҳ ўзбек фаоллари Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартириш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқишган (айнан расмий тил мақоми, давлат тили мақоми эмас! Кўпчилик манбаларда рус тилига давлат тили мақоми берилсин, дейилгани ҳақида ёзишяпти, бу – хато).
Таклиф муаллифлари ўзбек халқининг атоқли олимлари, машҳур фан, маданият, адабиёт ва санъат намоёндаларидир. Vesti.uz сайтида эълон қилинган «Русский язык нам не чужой» деб номланган манифестда айрим кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди.
Биринчиси, рус тили – фан тили эканлиги (хоҳлаймизми, йўқми, исталган соҳада илмий изланиш олиб бормоқчи бўлган инсон рус тилини билмаса, олим бўла олмайди, у инглиз тилини мукаммал даражада билса-да, барибир тўлақонли илмий иш ёза олмайди, чунки қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, жуда кўп илмий манбалар рус тилида. Бундан ташқари, минглаб халқаро илмий конференцияларнинг ишчи тилларидан бири сифатида, албатта, рус тили қайд этилади.
Иккинчиси – рус тили МДҲ давлатлари аҳолиси учун ҳали ҳам ўзаро мулоқот тили экани, яъни рус тилини билган одамнинг МДҲнинг исталган ҳудудида таржимонсиз ҳаракат қила олиши, яшаши ва ишлаш мумкинлиги, рус тили БМТ, КХШТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотларнинг расмий тили эканлиги.
Учинчиси – шу пайтгача ўзбек адабиёти ва санъати намуналарининг кўпчилиги асосан рус тили орқали жаҳонга машҳур бўлаётгани, чунки ўзбек тилидан бошқа тилларга тўғридан-тўғри таржима қилиш энди йўлга қўйиляпти.
Тўртинчиси, Россия-Ўзбекистон муносабатларининг янги сифат босқичига кўтарилгани. Айниқса, олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бошида президентларнинг ўзлари тургани. Россиядан Ўзбекистон таълим тизимига жуда катта ҳажмдаги инвестициялар киритилаётгани. Яқинда Ўзбекистонда атом саноатини ривожлантириш бошлади, Лавров Ўзбекистонда АЭС қуриш учун жой ажратилганини маълум қилди, атом саноатини рус тилисиз қандай тасаввур қилиш мумкин? Бу соҳадаги мутахассисларни ўзбек тилида тайёрлашнинг имкони йўқ. Миллионлаб одамларнинг ҳаёт-мамоти, хавфсизлиги билан боғлиқ соҳага рус тилини билмайдиган, яъни шу соҳанинг ҳақиқий билимдони бўлмаган одамларни ишга қўйиб бўлмайди.

















