Франция компаниялари консорциуми аъзолари Тошкент вилояти раҳбарияти билан учрашиб, «Чорвоқ» эркин туристик зонасининг бош режаси бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатларни тақдим этишди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳужжатлар асосан уч қисмдан иборат бўлиб, улар «Белдирсой лойиҳаси», «Чимён лойиҳаси» ҳамда «Нанай лойиҳаси» қисмларидан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йилнинг 5 декабрдаги «Чорвоқ» эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонининг 8-бандида «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК томонидан халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.
Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) «Чорвоқ» эркин туристик зонасининг батафсил бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқишга қаратилган 750 минг евро грант маблағи тақдим этганидан сўнг, 2018 йилнинг 21 ноябрида Франциянинг Geode компанияси бошчилигида, Orex Loisirs, Patriarch, Epode ва CDA Management компаниялари «Чорвоқ» ЭТЗнинг Белдирсой, Чимён ва Нанай ҳудудларини ўрганиш, батафсил бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқиш юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишув имзолаган эди.
Франциялик мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи «Чорвоқ» эркин туристик зонаси ҳудудида ўрганиш ишларини олиб бориш ва музокаралар ўтказиш юзасидан жорий йилнинг 21-28 январь кунлари ҳамда 25-29 март кунлари ташриф буюрганди.
Ташриф даврида мутахассислар Чимён, Белдирсой, Чорвоқ ва Нанай ҳудудларининг географик жойлашуви, табиати, тупроқ қатламлари, иқлимининг ўзига хослиги, ташриф буюрувчи туристлар сони билан боғлиқ маълумотларни батафсил ўрганиб боришди. Мазкур жараёнда Франция компаниялари консорциуми аъзолари Бўстонлиқ туман Кадастр бўлими, Ободонлаштириш бўлими, «Тоза ҳудуд» бўлими, Бурчмулло ўрмон хўжалиги мутахассислари ва «Чорвоқ сув омбори» ташкилотлари билан музокаралар олиб боришди.
Хорижлик мутахассислар томонидан эркин туристик зона ҳудудини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор шаҳарсозлик ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларининг концепцияси тақдимоти ўтказилди.
Учрашувда Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, ҳоким ўринбосари Сайфиддин Низамов, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти директори Исмат Нусуров, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси раҳбари Жамшид Садиров, Тошкент вилояти бош архитектори Актам Чоршанбиев, шунингдек, «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК архитекторлари, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси, Бўстонлиқ тумани ҳокимлигининг тегишли вакиллари иштирок этди.
















