«Кун ҳадиси» дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни «Иймон ва Ихлос» деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни «Мирзо Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий шарҳлаб берди.
Видео: Youtube
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.
















