Сешанба оқшомида «Энфилд»да Чемпионлар лигаси яримфинали доирасида биринчи жавоб учрашуви ўтказилади. «Ливерпуль» «Барселона»га қарши ўйинда 3та тўп фарқини йўққа чиқаришга ҳаракат қилади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
Ливерпуль – Барселона
7 май. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Жунейт Чақир (Туркия).
Биринчи ўйин – 0:3.

«Турнирни мағрур тарк этиш»
Қисқача айтадиган бўлсак, Юрген Клоппнинг ишлари чатоқ. Барселонадаги биринчи ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлингач ҳам жамоа мухлислари умидни сўндиришмаганди, аммо сўнгги ҳафта ичида «Ливерпуль» жиддий йўқотишларга учради. Шанба куни премьер-лига доирасида «Ньюкасл»га қарши кечган ўйинда мерсисайдликларнинг асосий футболчиларидан бири Муҳаммад Салоҳ рақиб дарвозабони Дубравка билан тўқнашиб кетди. Бошидан жароҳат олган мисрлик футболчи ўйинни давом эттира олмади - уни майдондан замбилда олиб кетишди.

Якшанба куни британ нашрлари Салоҳ «Барселона»га қарши ўйинга тайёр бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги хабарлар билан тўлдирилди. Душанба куни ташхис қўйилди - бош мия чайқалиши. 

Душанба оқшомида ўтказилган матбуот анжуманида Юрген Клопп мерсисайдлик мухлислар учун ёқимсиз хабарни эълон қилди - Салоҳ ҳам, Фирмино ҳам «Барселона»га қарши жавоб учрашувини ўтказиб юбориши аниқ бўлганди: «Асосий ҳужумчиларимиздан икки нафари бу ўйинда жамоага ёрдам бера олмайди. Бу ўйинда эса «Ливерпуль» рақибга 4та гол уриши керак. Бу осон бўлмаслиги аниқ, аммо биз ҳаракат қиламиз. Агар буни уддалай олмасак ҳам, турнирни чиройли тарзда тарк этишга уриниб кўрамиз».

Месси учун 10 ҳайкал
Салоҳ учун тарих такрорланмоқда. Бир йил муқаддам «Ливерпуль» унингсиз Испаниянинг бошқа бир гранди «Реал»ни мағлуб этолмаганди. Ўшанда финал ўйини бошида мисрлик футболчи рақиб ҳимоячиси Серхио Рамос билан тўқнашув оқибатида елкасидан жароҳат олиб, майдонни барвақт тарк этишга мажбур бўлганди. Ҳозир ҳам шунга яқинроқ вазият. «Камп Ноу»даги биринчи ўйин охирида Салоҳ жавоб голи уриш имкониятини йўққа чиқарганди - унинг бўш дарвоза томон йўллаган зарбаси устундан қайтганди. Агар ўшанда ҳисоб 3:1 кўринишига келтирилганида, Ливерпулда мезбонлар оптимистик кайфиятда ўйинни бошлашлари мумкин бўларди. Лекин Салоҳ ва Фирминосиз қолган мерсисайдликлар керакли ҳисобдаги ғалабага умид қила оладиларми?

«Биз сўнгги 6 кун ичида учинчи ўйинни ўтказамиз. «Барселона» эса дам олиш кунларида ротация қилиш имконига эга бўлди. Бу катта фарқ. Аммо менинг йигитларим таслим бўлишмайди», деди Клопп.